22:56 / 04.04.2023
22578

2022 йилда мингдан ортиқ россиялик Ўзбекистонда солиқ резиденти бўлди 

Бу 2021 йилга нисбатан 32 фоизга кўп. 

Фото: Reuters

2022 йилда Ўзбекистонда солиқ резиденти мақомини олган россияликлар сони ўтган даврга нисбатан 32 фоизга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ТАСС агентлигига маълум қилди. 

«2022 йилда Россия Федерациясининг 1199 нафар фуқароси Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти мақомини олди, улардан 1108 таси юридик (92 фоиз), 91 нафари жисмоний шахс (8 фоиз). 2021 йилга нисбатан (802 та юридик, 108 нафар жисмоний шахс) бу 32 фоизга (289 та) кўпдир», дейилади хабарда. 

Резидент мақоми бир йилга берилади. Уни олиш учун солиқ қўмитасига ариза топшириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида йилига камида 183 кун ёки шу муддатга бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ истиқомат қилиш керак. 

Статистика агентлиги хабарига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонга доимий яшаш учун 813 нафар Россия фуқароси кўчиб келган, бу республикага кўчиб келган хорижликлар умумий сонининг 35 фоизини ташкил этади. 

2022 йил октябрь ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги январь-сентябрь ойларида мамлакатга жами 318 156 нафар россиялик келгани, шулардан 210 902 нафари эркаклар ва 107 254 нафари аёллар бўлганини маълум қилди. Россияликларнинг Ўзбекистонга энг катта оқими июль-сентябрь ойларида қайд этилган - 189 175 киши. ИИВ маълумотларига кўра, айни даврда 18 нафар россиялик Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилган.

Top