23:39 / 04.04.2023
34590

Британиялик боксчилар Тошкентдаги жаҳон чемпионатида иштирок этмайди 

Улар турнирда россияликлар ва беларусликлар иштирок этиши туфайли бойкот қилишди. 

Фото: Getty Images

Британиялик боксчилар эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмайди, деб хабар берди Британия бокс федерацияси (GB Boxing). Бунга 5 октябрь куни Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан россиялик ва беларуслик боксчиларни мусобақада миллий рамзлар – байроқ ва мадҳия остида қатнашишига рухсат берилгани сабаб бўлган. Чемпионат 2023 йилнинг 30 апрелидан 14 майига қадар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. 

«GB Boxing Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралайди ва Украина халқи, боксчилари, мураббийлари ва расмийлари билан бирдам», дейилади баёнотда. 

Аввалроқ бокс бўйича АҚШ, Канада, Чехия, Швеция ва Янги Зеландия миллий жамоалари ҳам айнан шу сабабли Тошкент турнирини бойкот қилган эди. Шундан сўнг, IBA ушбу федерациялар раҳбарларига қарши интизомий иш очди.

Кейинчалик, Ўзбекистон бокс федерацияси «Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат бўлиб, спорт сиёсатдан холи тамойилини қўллаб-қувватлайди» деб баёнот берган эди. 

Top