Ўзбекистон | 12:20 / 04.04.2023
23340
11 дақиқада ўқилади

Тошкент сувга «ғарқ бўлмоқда», муаммо нимада? — экспертлар билан суҳбат

Пойтахтдаги йўллар, йўлаклар бетонлаштирилаётгани, ер ўзлаштирилиши ортидан ариқлар бесабаб ёпиб ташланаётгани, палапартиш қурилиш – умуман шаҳар бош режасиз қолаётгани сабаб енгил ёмғирда ҳам талафотли сув тошқинлари юзага келмоқда. Хўш, муаммонинг ечими қандай? Kun.uz бу борада мутахассислар билан суҳбатлашди.

Фото: KUN.UZ

2 апрел куни Тошкентда кучли ёғингарчилик кузатилди. Ноқулай об-ҳаво шароити сабаб жойларда автомобиллар ҳаракати қийинлашди, туннеллар ва метро бекатларини сув босди. Авиарейслар парвози Тошкентдан Самарқандга кўчирилди. Қолаверса, айрим туман ҳудудларида электр токи ва табиий газ таъминоти билан ҳам муаммолар кузатилди.

Шунингдек, кучли ёмғир туфайли пойтахтнинг Яккасарой туманида тўрт қаватли уйнинг иккита балкони сувга тўлгани учун қулаб тушгани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳолатни пойтахт кўчаларига ётқизилган лотоклар катта миқдордаги сув оқимини қабул қилишга мўлжалланмагани билан изоҳлади.

Қизиғи, ҳар ёғингарчилик вақтида у хоҳ енгил ёки кучли бўлсин, Тошкент кўчаларининг кўлмакка айланишига гувоҳ бўляпмиз. Муаммонинг такрорий юзага келиши ёмғирнинг кўп ёғиши ёки лотокларнинг ўзигагина эмас, балки тизим билан боғлиқ экани кўриниб қолмоқда. Олдинда бизни ҳафталик ёғингарчилик кутиб турибди, хўш, Тошкентни яна сув босадими? Унинг олдини қандай олиш керак? Муаммо нимада? Kun.uz айни шу мавзуда мутахассисларни суҳбатга тортди.

“Инқироз бўлмагунча ҳаракат бўлмайди”

Шаҳарсозлик бўйича халқаро мутахассис Темур Аҳмедовга кўра, ҳолатга бутун тизимдаги муаммоларни бартараф этиш учун киришилмас экан, бу каби вазиятларнинг содир бўлиши яна анча вақт давом этади.

“Тошкентни сув босиши давом этаверади, бунинг учун кўп ёмғир керак эмас. Лотокларнинг кичиги, каттаси, ҳовузлар, кўллар – буларнинг ҳаммаси бир вақтлар бутун бир тизим бўлган. Мана шу тизим бузилди, энди уни қайтадан ўйлаб, қаердан сув қаерга боришини, қаерда йиғилишини ишлаб чиқиш керак. Лекин ҳеч ким бунга тизим сифатида қараётгани, шаҳар ҳокимияти анчадан бери бу билан шуғулланаётгани йўқ. Шунинг учун озгина ёмғир бўлса ҳам муаммо юзага келмоқда.

Яшил ҳудудлар, янги Тошкент ҳақида гапиришяпти, хўп, яхши. Лекин мана бу эски Тошкентнинг абгорини чиқаришди-ку. Сув кетадиган, сув шимадиган жойнинг ўзи қолмади. Ҳамма ерлар асфальтлаштириб ташланди. Автомобил турмаса, одам юрмаса ҳам керак-керакмас жойларни асфальт қилиб ташлашган.

Тошкент шаҳрининг ирригация тизими қадимий. У икки минг йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд. Икки минг йил давомида одамлар суғориш тизимини қуриб, уни мувозанатда ушлаб турди.

Ирригация тизими ҳақида гапирганда, одамлар кўпинча ўсимликларга сув олиб борадиган трубалар ҳақида ўйлайди. Аслида суғориш тизими бутун шаҳар бўйлаб мувозанатни сақлайдиган ариқлар, каналлар, ҳовузлар ва кўлларни ўз ичига олади.

Бизда мана шу тизим бузилган. Мисол учун, кўчада ариқлар бир-бирига уланмаган, сув бемалол оқадиган ҳолатда эмас. Қоидаси бўйича сув кичкина ариқдан каттасига, кейин кўлга ёки ҳовузга боғланиши керак. Бизда шу нарсалар йўқ, қанча ариқлар бетонлаштириб ташланди, сувнинг шимилиб кетиши учун шароит мавжуд эмас.

Ҳозирда юзага келаётган муаммолар “сюрприз” эмас, уларни олдиндан прогноз қилса бўларди. Энди ҳамма ерларнинг бетонлаштириб ташланиши, сувни ер шимиб олмаётгани, аксинча қаерлардадир тошиб кетаётгани кейинчалик яна бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Еростидаги сувлар янаям пастга тушиб, гидробаланс бузилиб бораверади.

Гидробаланс сув балансидир. Дейлик, ёмғир ёғади, ер шимиб олиши натижасида сув еростига кетади, 2-6 метр чуқурликда сув бор, бу дарахтларнинг яшаб кетиши учун ҳам шароит яратиб беради. Агар тизим бўлмаса, мана шу занжир узилиб қолади.

Сабаблар ҳақида гапирсак, ҳаммаси бетартиб қурилишнинг ортидан бошланган. Бош режа йўқ. Бош режада мана шуларнинг ҳаммаси инобатга олиниши керак. Ҳар бир қурувчи бирор ерда бино қурмоқчи бўлса, у ердан сув кетадими ёки йўқ, ҳудуддаги дарахтлар қаердан сув ичади, сув еростигача етадими – буларнинг ҳаммаси бош режада инобатга олиниши керак.

Айни вақт сувга тўлиб кетаётган ҳудудларда муаммо кўлами кенг. Вақтинчалик чоралар кўришга мажбурмиз, масалан, сувни насос ёрдамида чиқариш. Бироқ вақтинчалик чоралар сув тошқини муаммоси сабабини тузатиб қўймайди. Бу ердаги энг самарали ечим – у ерга сувни келмаслигидир. Демак, буни мутахассислар ўрганиб, ҳисоблаб чиқиши керак.

Муаммоларни бартараф этиш учун энг катта қадам – бош режани ишлаб чиқиш. Бош режасиз ҳеч нарса бўлмайди, ўзимизнинг ва чет эллик мутахассисларни жалб қилиб, яхшилаб муҳокама қилиб, изланиб, режаларни батафсил тайёрлаб чиқиш керак.

Кейинги қадам юқорида қайд этилган кераксиз жойларнинг асфальт ва бетонлаштириш жараёнини тўхтатиш керак. Одам юрмайдиган, автомобил қўйилмайдиган жойларни ҳам ёпиб ташлашган, ўш ерларни очиб, ўсимликларни экиш, сувнинг кетиши учун шароит яратиш керак. Бу нарса жуда катта ёрдам беради. Янги қурилаётган жойларда талаб бўлиши лозим. Мисол учун, ҳудуднинг қанчадир фоизида яшил зона бўлиши керак, шунда ҳам бетоннинг устига сунъий қилиб қўйиб эмас, ҳақиқий тупроқли ер қилиниши лозим, токи сувни шимиб олсин. Шунингдек, жойларда кичкинагина кўл қилиб, маълум миқдордаги сувни ўша ерда йиғиш мумкин.

Мавжуд ариқларни тартибга солиш ва бир-бирига улаб чиқиш керак. Янгиланаётган лотокли жойларга фақат тешикли лоток қўйиш керак, буни шарт қилиб қўйиш лозим.

Ўзимизнинг 2 минг йиллик тажрибамиз бор. Европа мамалакатларига ўхшаб сув кетиши учун узун трубалар қўйишнинг самараси йўқ. Кўриниб турибдики, инқироз рўй бермагунча, сув тошқини билан боғлиқ муаммоларнинг сабабларини бартараф этиш учун ҳеч қандай ҳақиқий ҳаракат бўлмайди”, – дейди шаҳарсоз Темур Аҳмедов.

“Шаҳримиз шаҳарсозлик қоидаларига амал қилинган ҳолда тўғри қурилганида эди...”

Шаҳарсозлик бўйича тажрибали мутахассислардан бири Искандар Солиев эса юзага келаётган сув тошқинларини лотокларнинг қурувчилар томонидан бесабаб буткул ёпиб ташланаётгани ёки уларда чиқинди тўлиб кетгани билан изоҳламоқда.

Солиевга кўра, 1990 йил апрел ойида Тошкент шаҳри учун қайд этилган кунлик рекорд даражадаги ёғин миқдори 65,2 ммни ташкил этган. 

“Бу 2023 йил 2 апрелда ёғган 20 мм ёмғир миқдоридан уч баробар кўпроқ дегани. Шаҳар кўчаларида озгина ёмғир ёғиб қўйса, кўчаларга сув тошиб кетиши янгилик бўлмай қолди. Илгари шаҳарларнинг дренаж тизими йўл четидаги ариқларнинг тўғри ишлаши ҳамда чиқиндилардан холи бўлгани ҳисобига унчалик ҳам сезилмасди.

Демак, сув тошқинига ёмғир эмас, керакли даражада ҳисоб қилинмасдан ўрнатилган лотокларимиз ёки дренаж, ирригация тизимлари кўп ҳудудларда ёпиб ташланганлиги, ахлатга тўлганлиги ёки бўлмасам, бунда кўплаб йўл ўтказмалари остидаги насос станциялари ва сув чиқиб кетиш йўллари ўйланмаган деб айтиш мумкин.

Бундан ташқари, бу ерда бошқа сабаблар ҳам бор. Кўплаб дарахтларни кесиб, майсали ерларни бетонлаб ташламаганимизда, сувнинг катта босимини қисқартиришда дарахтларнинг илдизи ҳамда тупроқ ёрдам берган бўларди. Баъзида элементар ҳолатларда, йўлларни ёки йўлакларни қуришда сув қандай чиқиб кетиши ўйланмаган бўлади. Аслида пойтахт шаҳарсозлик қоидаларига амал қилинган ҳолда тўғри қурилганида эди, бундай муаммолар бўлмасди ҳам.

Хўш, қандай ечим бор?

Биринчидан, ёмғир боғлари (rain garden) қилиниши керак, бу муҳим.

Видеодаги дренаж тизимига қарасангиз, бир қарашда буни ландшафт композицияси деб ўйлайсиз. Аслида эса бу катта бир функционал ишни амалга оширади.

Унинг вазифаси сувни биринчи босқичдаги ҳовуз тўлганидан сўнг кейинги ҳовузга ўтиши ва шу тариқа катта миқдордаги сувни тўғри тақсимлаб, сувнинг тошиб кетишининг олдини олади.

Иккинчидан, лотоклар чиқиндилар тушмаслиги учун ҳимояланиши, ёпилиши зарур. Ҳарҳолда ариқлар ёпилса, чиқинди тушиши камайиб, сув тошишининг олди олинади”, – дейди Солиев.

“Муаммолар бош режасиз ва гидрометеорологик маълумотларни инобатга олмасдан қилинган шаҳарсозлик ишларининг эффектидир”

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ҳам муаммонинг юзага келишини ёғингарчилик миқдорига эмас, аввало қурилиш лойиҳаларига таянган ҳолда инфратузилмалар барпо қилинмагани билан изоҳламоқда.

“2 апрел куни Ўзгидромет биноси олдидаги “Тошкент-Обсерватория” кузатув майдончасида умумий 22 мм, Тошкент халқаро аэропортида 33 мм ёғин ёғган. Бу – апрел ойи давомида ёғиши керак бўлган ёғиннинг учдан бир ва иккидан бир қисмига тенг дегани.

“Тошкент-Обсерватория” станциясида Тошкентнинг кузатувлар тарихида сутка давомида энг кўп ёғин 1990 йил 8 апрелда рўйхатга олинган, ўшанда шаҳарда бир суткада 65 мм ёмғир ёғган. 1895 йил 28 май пойтахтда бир суткада 50 мм ёмғир кузатилган. Ёғинларда интенсивлилик деган тушунча бор. Ёғинлар жуда қисқа вақт ичида ва жуда кучли ёғса, у келтириб чиқадиган хавфлар ортади.

Чақмоқ-момақалдироқли ёғинлар жойларда жуда ҳам нотекис тақсимланади. Кеча ҳам Тошкентда ҳаттоки жуда ҳам кам ёмғир кузатилган жойлар билан бир қаторда 22-30 мм дан кўп ёғин кузатилган жойлар ҳам бўлган. Демак, кеча пойтахтда кузатувлар тарихида энг кўп ёғин кузатилмади.

Мазкур муаммолар бош режасиз ва гидрометеорологик маълумотларни инобатга олмасдан қилинган шаҳарсозлик ишларининг эффекти ҳисобланади. Улар бартараф этилмаса, келгусида бундан-да катта муаммолар юзага келиши мумкин. Чунки иқлим ўзгариши туфайли прогнозларда келгусида кучли ёғинлар ёғишдаги мавсумлар ўзгариб, ёғин жадалликлари ҳам жуда ортади.

Тошкентнинг барча жойида деярли шундай. Ер ўзлаштириш ҳисобига каналллар, лотоклар, дренажлар кўмиб ташланган. Амир Темур хиёбони бекати устида ҳам палапартиш ирригация тизимининг жорий этилиши метро ичига сув кириб кетишини юзага келтирган.

Ечим қандай? Қурилиш норматив ҳужжатлари бўйича барча инфрструктураларни барпо этишда жойда кузатилган энг кўп ёғин қийматлари инобатга олиниб, қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилиши, дренаж, ирригация тизимлари шунга монанд танланиши лозим. Шунда кечаги пойтахтдаги каби нохуш оқибатлар рўй бермайди”, – дея қайд этади Абдулаҳатов.

Умуман олганда, дренаж, ирригация тизимидаги муаммолар занжирдек бир-бирига боғлиқлиги доим аниқ бўлган. Ҳокимларнинг тадбиркорларга қурилиш учун ажратаётган ери (яшилликка бой, суғориладиган ерлар берилиши мумкин эмас), қурилиш лойиҳа ҳужжатлари, бош режа ишлаб чиқилиши, қурувчининг унга амал қилиши, қолаверса, муниципал ваколатга эга органларнинг бу жараёнда инфратузилмага эътибор қаратиши каби масалалар жуда муҳим.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

“Asialuxe Travel” Қурбон ҳайити шарафига акция эълон қилди – 50% гача чегирма

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

“Asialuxe Travel” Қурбон ҳайити шарафига акция эълон қилди – 50% гача чегирма

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди