Жаҳон | 10:41 / 05.04.2023
6223
2 дақиқада ўқилади

Адвокат: Италиядан қочган губернатор Усснинг ўғли - Россияда

Артем Усс ихтиёрий равишда Россия Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги тергов бўлимига кўрсатма бериш учун келди. Шундан сўнг унинг эҳтиёт чораси четга чиқмаслик тўғрисидаги ёзма мажбуриятга ўзгартирилди, дея хабар берди унинг адвокати.

Артем Усс

Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усснинг ўғли, март ойида Италияда ўзига тайинланган уй қамоғидан қочиб кетган тадбиркор Артем Усс ҳозир Москвада. 4 апрел, сешанба куни унинг адвокати Алексей Тихомиров хабар беришича, эркак ўз ихтиёри билан Россия Ички ишлар вазирлигининг тергов бошқармасига келган ва «ишнинг моҳияти бўйича берилган саволларга батафсил жавоб берган».

Сўроқ натижаларига кўра, унга нисбатан эҳтиёт чораси бошқа жойга кетмаслик тўғрисида ёзма мажбуриятга ўзгартирилди, дея қўшимча қилди адвокат.

2022 йил 17 октябрда Артем Усс Туркияга учиб кетмоқчи бўлган Милан аэропортида АҚШ томонидан ҳибсга олиш ордери асосида ушланган эди. Америка расмийлари Красноярск ўлкаси губернатори ўғлини санкцияларни бузиш ва пул ювишда айбдор деб ҳисоблаяпти.

2022 йил 28 октябрда Москванинг Мешчанский суди Артем Уссни уюшган жиноий гуруҳ таркибида пул ювиш бўйича қўзғатилган иш доирасида сиртдан ҳибсга олди. Россия ҳукумати унинг экстрадициясини талаб қилишини билдирди.

21 март куни Милан апелляция суди кичик Уссни АҚШга экстрадиция қилишни маъқуллади. Эртаси куни Италиянинг La Stampa газетаси ўша пайтда уй қамоғида бўлган эркак электрон билагузугини синдириб, Милан чеккасидаги ижарага олган квартирасини ташлаб кетгани ҳақида хабар берди.

Италиянинг Corriere della Sera ва La Repubblica газеталари 28 март куни ёзишича, тергов Россия махсус хизматлари Усснинг қочиб кетишига алоқадорлигини истисно этмаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид