Жаҳон | 08:04 / 06.04.2023
16447
3 дақиқада ўқилади

Макрон Хитойни урушни тугатиш учун Путинга таъсир ўтказишга чақирди

Хитой Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можарони ҳал қилишда Россия президенти Путинга таъсир қилиши керак, деди Франция президенти Эммануэл Макрон Пекинда.

Фото: AP

Хитой Москва билан яқин алоқалари туфайли Россия ва Украина ўртасидаги можарода тинчлик ўрнатишда «муҳим рол» ўйнаши мумкин, деди Франция президенти Эммануэл Макрон. Февраль ойи охирида тақдим этилган Хитойнинг Украина бўйича «тинчлик режаси» «можаронинг ечимига ҳисса қўшиш истагидан» далолат беради, деди Макрон 5 апрель, чоршанба куни Пекинга ташрифининг биринчи куни.

«Хитой тегишли равишда БМТ Низомига ҳамда ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади», — деди Франция президенти. Макрон Си Жинпингни Россиядан узоқлашишга ва Россияга қурол етказиб бермасликка кўндиришга умид қилмоқда. «Хитой можарога у ёки бу йўналишда тўғридан тўғри ва радикал таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ягона давлатдир», - дея таъкидлаган Елисей саройи вакили аввалроқ.

Шунингдек, у «катта иқтисодий блокларни бир-биридан ажратиш»га интилишдан огоҳлантирди ва муносабатларни «катта дўстлик, очиқлик ва айни пайтда масъулият ҳисси билан» қуришга чақирди. «Биз Хитойга нисбатан ҳеч қачон соддалик қилмаганмиз», дея қўшимча қилди у.

Макрон кетишдан олдин АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали гаплашди. Уларнинг суҳбати «Франция ва Қўшма Штатларнинг умумий иродаси»ни Хитойни «биз билан бирга Украинадаги урушни тугатишни тезлаштириш ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш»га мажбур қилишини кўрсатди», — дейилади чоршанба куни француз дипломатик манбалари хабарида.

Бу Макроннинг 2019 йилдан бери Хитойга илк ташрифи. Пайшанба куни у аввалига Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашади, кейинроқ эса Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен уларга қўшилади. Макрон унга Пекинда «ягона Европа овози» билан гаплашиш учун Хитойга бирга боришга таклиф қилди.

Мавзуга оид