Полша Украина учун НАТОдан кенгроқ кафолатлар олишга ҳаракат қилмоқда
Полша президенти Дуда НАТОнинг Вилнюсдаги саммитида қўшимча хавфсизлик кафолатлари масаласи кўтарилишига ваъда берди. Варшава МиГ-29 қирувчи самолётлари бутун флотини Украинага топширишга тайёр.
Полша июль ойида Литва пойтахти Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Украина учун НАТОдан қўшимча хавфсизлик кафолатларини олишга ҳаракат қилади. «Биз НАТОнинг Вилнюсда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида Украина учун қўшимча хавфсизлик кафолатларини олишга ҳаракат қилмоқдамиз, бу Украинанинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиради», деди Полша президенти Анжей Дуда 5 апрель, чоршанба куни Варшавада Полшага ташриф буюрган президент Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида.
Дуда, шунингдек, Полша ўз ихтиёрида бўлган барча МиГ-29 қирувчиларини Украинага беришга тайёрлигини билдирди. «Агар НАТО иттифоқчилари бунга рози бўлса, келажакда Варшава Киевга ўзининг 30 та МиГ самолётларидан иборат бутун флотини топшириши мумкин», деди у. Полша ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилаётган Украинага ҳарбий ёрдамнинг энг муҳим етказиб берувчиларидан биридир. Варшава аллақачон саккизта МиГ-29 қирувчисини Киевга топширган.
Зеленский 5 апрель куни Полшага илк расмий ташрифи билан келди. Ташриф дастуридан Полша бош вазири Матеуш Мораветций билан учрашув, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш, иқтисодий форумда иштирок этиш ва украин диаспораси вакиллари билан учрашув ҳам ўрин олган. Бу Зеленскийнинг Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери учинчи хорижий ташрифидир. 2022 йил декабрь ойида Украина президенти Вашингтонга, февраль ойи бошида эса Лондон, Париж ва Брюсселга ташриф буюрди.
Зеленский Анжей Дуда билан қўшма матбуот анжуманида Донецк вилоятидаги Бахмутдаги вазиятни жуда оғир деб атади, бу шаҳар Россия кучлари томонидан оммавий ҳужумлар остида қолмоқда. Зеленский Украина қўшинлари турли даражада муваффақият билан курашаётганини айтди, аммо «душман Бахмутни назорат қилмаётганини» таъкидлади.
Мавзуга оид
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00 / 11.11.2024
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024