Жамият | 18:19 / 07.04.2023
19166
11 дақиқада ўқилади

Ўзбек жамиятига нотаниш тушунча — туғуруқдан кейинги депрессия ҳақида

9 ой давомида вужудида боласини кўтариб юрган аёлнинг руҳиятида она бўлгач ўзгаришлар юз беради. У боласини бирданига яхши кўролмаслиги, тушкунликка тушиши, ўзига ёки ҳатто боласига зарар етказишга уриниш каби хаёлларга бориши ҳам мумкин. Бунга туғуруқдан кейинги депрессия сабаб бўлади. Унинг шунчаки ўтиб кетишини кутмасдан аёлга кўмаклашиш, уни қўллаб-қувватлаш кўнгилсизликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Фото: Getty Images

Оналик, шубҳасиз, умрнинг энг чиройли босқичи. Бироқ фарзанд туғилгач турмуш тарзида кескин ўзгариш содир бўлиши, гормонлар ўзгариши депрессияга сабаб бўлиши мумкин.

Туғуруқдан кейинги депрессия – кўпчилик ота-оналар бошдан кечирадиган ҳолат. Туғуруқдан кейинги депрессия ҳар 10 онанинг камида бир нафарида кузатилади. Ҳатто оталар ҳам депрессияни бошдан ўтказиши мумкин.

Фото: Getty Images

Google’га ёзса, бир олам маълумотлар чиқадиган бу тушунча ҳақида айтилса, “Оббо, бизам туққанмиз, лекин ўлмаган бизнинг жонимиз экан-да” дейдиган, тушунишни хоҳламайдиган аёллар ҳам кўп. Бироқ туғуруқдан кейинги тушкунлик, депрессия кўп оналарни четлаб ўтмайди. Ўша вақтда онага ёрдам берилса, ҳаммаси осонроқ бўлиши мумкин. 

Ғамгинлик

Бола туғилгач онанинг руҳиятида турлича ўзгаришлар содир бўлади.

Инглиз тилида "Baby blues" деб аталадиган руҳий ҳолатни ҳар 5 онадан 4 нафари ҳис қилиб кўришади. Бу ҳолат чақалоқ туғилганининг биринчи кунларида бошланиб бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Бунда кайфият ўзгариши, хавотирланиш, ғамгинлик, диққат сусайиши, йиғлоқилик, иштаҳа йўқолиши, ухлашга қийналиш кабилар кузатилади.

Агар туғуруқдан кейинги ғамгинлик 2 ҳафтада ўтиб кетса, уни даволаш шарт эмас, лекин кузатилаётган ўзгаришлар бундан кўпроқ давом этса, албатта, шифокорга хабар бериш керак.

Туғуруқдан кейинги ўзгаришларга нима сабаб бўлади?

Ҳомиладорликда онада эстроген ва прогестерон гормонлари баланд бўлади, туғуруқдан сўнг эса бу гормонлар даражаси кескинлик билан пасаяди. Оқибатда, бу кайфият ўзгаришига, депрессияга сабаб бўлади.

Баъзи одамларда қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган гормонлар миқдори ҳам кескин тушиб кетиши мумкин, бу уларнинг чарчоқ ҳис қилишига ва депрессияга тушишларига сабаб бўлади. Тўйиб ухламаслик, яхши овқатланмаслик эса шундоқ ҳам содир бўлаётган ўзгаришларни кучайтириб юборади.

Оналикнинг дастлабки кунлари кузатиладиган тушкунлик билан депрессиянинг фарқлари бор. Депрессия нисбатан узоқ давом этади ва симптомлари ҳам оғирроқ.

Ҳомиладорликда руҳий зўриқишлар кузатилиши, бундан олдин ҳам депрессия ҳолатлари бўлгани, уйда маиший зўравонлик ҳолатлари бўлиб туриши, эр билан муносабатларда қийинчиликлар ҳам депрессияга сабаб бўлади. Оналикнинг дастлабки кунларидаги ҳиссий зўриқишлар ҳам депрессияга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, агар аёлнинг генида туғуруқдан кейинги депрессияни бошдан ўтказганлар бўлса, унда ҳам бунга мойиллик бўлиши мумкин.

Депрессиянинг белгилари қандай?

Психолог Розалия Габдулҳақованинг маълумот беришича, депрессия – жиддий клиник диагноз. 80 фоизгача аёлларда туғуруқдан кейинги тушкунлик кузатилади. 10-20 фоиз аёлда эса ҳолат депрессиягача етиб бориши мумкин. Ундан кейинги босқичда эса психоз (0,1-0,3 фоиз аёлларда) кузатилади.

Депрессияни туғуруқдан кейинги тушкунлик билан адаштириб юбормаслик керак. Тушкунлик тез орада ўтиб кетади, лекин депрессия туғуруқдан кейинги бир неча ҳафта ичида ривожланиб бир йилгача давом этиши мумкин. Депрессия кундалик юмушларни бажаришга, болага ғамхўрлик қилишга халақит беради.

Бунда аёл ўзини тушкун ҳис қилади, чақалоқ билан чиқишиб кетишга қийналади, одамлардан ажралиб қолади, иштаҳаси йўқолиши ёки ҳаддан ортиқ иштаҳа очилиши кузатилади, диққат сусайиши, яхши она бўлолмаётгани билан ўзини айблаш, ўзига ё чақалоғига зарар етказиш ҳақида ўйлаш, ўлим ёки ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикрлар пайдо бўлиши кузатилади. 

Туғуруқдан кейинги психоз

Бундай ҳолат аёлларда камдан кам ҳолатда кузатилади, симптомлари эса анча оғир.

Бунда:

  • Ўзини англамаслик;
  • Фарзанд ҳақида ҳаддан ортиқ кўп ўйлаш;
  • Галлюцинация ва хаёлпарастлик;
  • Уйқу муаммолари;
  • Ҳаддан ортиқ асабийлашиш;
  • Бошқалар унга зарар етказишига ишониш ҳисси;
  • Ўзига ёки чақалоғига зарар етказишга уринишлар кузатилади.

Докторга қачон мурожаат қилиш керак?

Эҳтимол, она ўзида туғуруқдан кейинги депрессия ёки психоз кузатилаётганини тушунмаслиги мумкин. Лекин уни яқинлари назорат қилиши ва соғлигида бирор ўзгариш кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиши зарур.

“Мен депрессияни қандай енгганман?..”

Туғуруқдан кейинги тушкунлик, депрессия ҳақида уни бошдан ўтказган оналар билан суҳбатлашдик. Улар депрессиядан қандай қилиб чиқиб кетишгани ҳақида айтиб беришди.

“Барча аёлларда ҳам шунақа ҳолат бўлар экан-да. Болам ёш пайти асабларим чарчаб кетарди. Икки ойлик пайти чақалоғим йиғлайверса, қайнонам “Нега бошқаларни болалари йиғламайди, сеники йиғлайверади?” катта болаларим касал бўлиб қолса, “Нега сенинг болаларинг касал бўлаверади?” деб солиштираверарди. Ўша пайтлари менга баттар оғир бўлган. Уч бола бараварига касал бўлса, йиғласа, осон эмас ҳаммасига бирдай қараш. Илтимос, қайноналар ҳам келинларни бироз тушунсин”.

“Онам укам туғилганда депрессиядан чиқа олмай вафот этган. Ўшанда биз болалар ҳаммамиз кичкина эдик, унга қийин бўлган. Руҳий ҳолатидаги ўзгаришни эса тушуна олишмаган...”

“Менда туғуруқдан кейинги ҳолат жуда оғир ўтган: ўзимни бошқаролмай қолардим. Бир хил пайт боламга зарар етказиб қўймай деб ўзимни четга олардим”.

“Ҳеч ким ёрдам бермаган, амаллаб чиққанман депрессиядан. Йилма-йил туғганман. Бир болам бир ёш, бири 5 ойлик. Баъзида ўзимни бошқаролмай қоламан. Эр ҳар қанча тушунган одам бўлса ҳам, бу ҳолатни тушунмас экан”.

“Менда бўлган, ҳозир эслаш ҳам ҳатто қўрқинчли. Неча марталаб ўзимни ўлдиргим келган. Ўзим ҳам, эримнинг уйидагилари ҳам ҳолатимни тушунмаганмиз. Уйда тинимсиз жанжал эди. Ўшанда ота уйимга қайтиб кетганман, ажримга ҳам бергандик. Лекин ҳозир ҳаммаси яхши, бахтли оилалардан биримиз”.

“Менда ҳам туғуруқдан кейин тушкунлик бўлган. Туғуруқхонадан қайтгач дастлабки кунларда, айниқса билинган. Ҳеч иш қилгим келмас, кайфиятим тушкун, ортиқча гап кўтармайдиган бўлиб қолгандим. Турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши билан вазиятдан чиқиб кетганман”.

“Она туғуруқдан кейин сал ўзини тиклаб олмаёқ унга боласини топшириб қўйишади. Операция билан туғган бўлса-ку, деярли ҳеч нарсага ҳоли бўлмайди. Ҳолсиз ҳолати билан болага қарашга қийналган она туғуруқхонадаёқ депрессияга тушиши мумкин”.

“Менда фарзандим туғилгач кайфият ўзгариши бир неча кунда ўтиб кетгандай туюлганди. Лекин болам 2 ойлик бўлгандан бошлаб ўзимни чуқур қайғуда ҳис қилардим. Ҳеч бўлмаса, 5 дақиқа ҳаётимдан қочиб кетгим келарди. Ҳозир болам 9 ойлик бўлди, шу тушкунликдан ҳалиям тўлиқ чиқмадим. Турмуш ўртоғим ҳар доим мени тушуниб, ёрдам бериб келяпти.

Истардимки, аёл фарзандли бўлгач унинг яқинлари фақат чақалоққа эмас, онанинг соғлигига ҳам қизиқишсин. Уни мақтаб туришсин. Сабаби, айниқса, ёш оналарда “Мен яхши она бўла оляпманмикин?” деган иккиланишлар кўп бўлади. Рағбат эса уларга анча далда бўлади”.

“Туғиш вақти яқинлашгач турмуш ўртоғимнинг вилоятига кетганман. Биз алоҳида яшаганимиз сабаб вилоятда чақалоқни бағримга олиб кейинроқ пойтахтга қайтганман. Туғуруқ оғир ўтган, унинг устига турмуш ўртоғим узоқда, ўзимнинг ота-онам, яқинларим ёнимда эмаслиги учун ҳам сиқилардим. Лекин қайнонам ўзимнинг онамдек парвариш қилган.

Ўзгарган тана, чақалоқ йиғиси, уйқусиз тунлар, ўзидан кўнгли тўлмаслик депрессияга тушириб қўйганди. 5 ой деганда депрессиядан чиқдим. Яқинларим ёрдами билан ўзимга келдим, болам ҳам яхши ухлайдиган, йиғламайдиган бўлди”.

“Ҳомиладорликда кучли токсикоздан қийналганман. Болам 7 ойликда 1,5 килограмм туғилган. У чақалоқлар бўлимида, мен катталар бўлимида реанимацияда ётганмиз. Боламнинг аппаратда яшаш учун курашиб зўрға нафас олаётганини кўриб ақлдан озай деганман. Жуда қийин ўтган у кунлар. Аста-секин ўзимга келганман, болам ҳам катта бўляпти”.

“Ўтган йили қизим туғилганда 2,5 ёшли ўғлим югуриб келиб синглисини босиб олади деган хаёл миямга келаверарди. Уни урушиб, бақирадиган, ҳатто қўл кўтарадиган бўлиб қолдим. Ўша пайтлари ўғлимнинг боғчадаги тарбиячиси “Ўғлингиз ўзгариб қолди, агрессив бўлиб қолган, бошқа болаларни уриб тишлаб ташлаяпти. Унга меҳр етишмаяпти шекилли”, деганди. Шунда хатомни тушунганман ва невропотолог кўригига бориб, даволаниб ўзимга келганман”.

“Болалар ораси яқин бўлса, депрессияга тушиш осон экан. 2 ёшли бола, чақалоқ, уй ишлари ва эплай олмаганим учун дашном эшитиш... бир мен шунақаманми деб узоқ йиғлардим”.

“Туғуруққа яқин коронавирус юқтириб аҳволим оғир бўлгани учун ковид-марказда операция билан туғганман. Ўлиб қоламан деган хаёл, камига реанимацияда ёнимда ётган келиннинг вафот этгани, боламни бирданига ўзимга беришмагани депрессияга тушишимга сабаб бўлган. Жуда йиғлоқи, болам йиғласа, асабийлашиб кетадиган бўлиб қолгандим. Турмуш ўртоғим туғуруқдан кейинги депрессия ҳақида интернетдан ўқиган экан. Менга ҳар томонлама ёрдам бериб далда бўлиб ўша ҳолатдан чиқариб олган”. 

Туғуруқдан кейинги депрессиядан қандай ҳимояланиш мумкин?

Розалия Габдулҳақованинг таъкидлашича, туғуруқдан кейинги депрессия пайтида аёлга ҳар қачонгидан кўпроқ ёрдам керак бўлади.

“Аёлни эркалик қилаётганликда айблаб, уни айбдорлик ҳисси билан шукур қилишга мажбурлаш эмас, кўпроқ қўллаб-қувватлаш керак. Уй ишларига, чақалоқ парваришига ёрдамлашиш зарур. Чунки депрессия ривожланишига онанинг жисмонан қийналиб кетгани сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Депрессияда психолог билан суҳбатлашишга, невропотолог ёки психотерапевт кўригига эҳтиёж бўлади. Аёлга турли витаминлар буюрилиши, кўпроқ қуёшда сайр қилиш тавсия қилиниши мумкин”, дейди психолог.

Унинг қўшимча қилишича, туғуруқдан кейинги тушкунликка вақтида эътибор берилмаса, депрессияга, ундан сўнг психозга сабаб бўлиши мумкин. Психоз жуда хавфли босқич, унда аёл ўзи ёки фарзандининг жонига қасд қилишга уриниши мумкин. Шунинг учун онанинг яқинлари унга эътиборли бўлишни асосий вазифалар қаторига киритиши керак.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид