Жаҳон | 21:49 / 08.04.2023
12992
2 дақиқада ўқилади

НАТО ўз тарихидаги энг йирик авиамашғулотларни ўтказади

Унда АҚШ ва Германиядан ташқари 22 иттифоқчи давлат иштирок этади. 

Фото: NATO

2023 йил ёзида НАТО оператив ва тактик даражадаги кўп миллатли авиамашғулотларни ўтказади. Улар 12-23 июнь кунлари, асосан, Германияда бўлиб ўтади. АҚШ Миллий гвардиясига кўра, Чехия, Эстония ва Латвияда ҳам машғулотлар бўлади. 

Машқларга 23 хил турдаги 220 га яқин самолёт жалб этилади. Air Defender-23 НАТО тарихидаги энг йирик машғулот бўлади. 

«Air Defender-23 стратегик жиҳатдан Қўшма Штатлар ва Германияни боғлайди. Унда нафақат ҳамкорликда ишлаш қобилияти синаб кўрилади, балки коалиция ҳаво кучларининг тезда жойлаштирилиши ҳам ўрганилади», деди АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари лейтенанти, генерал Майкл Ло. 

Машғулотларда АҚШ ва Германиядан ташқари 22 иттифоқчи давлат иштирок этади. Германия ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-лейтенант Инго Герхарц машғулотлардан мақсад «иттифоқчиларнинг ҳақиқий ҳаво кучларини намойиш этиш» эканини таъкидлади. 

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини фонида НАТО тобора кўпроқ улуғвор машқларни ўтказмоқда. 

Ўтган ой Шимолий Атлантика альянсининг 20 минг аскари, шунингдек, Финландия ва Швеция қўшинлари Европа Арктикасида ўтказилган энг йирик ҳарбий машғулотлар давомида Норвегияни ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрди. 

Ўрта ер денгизида иттифоққа аъзо 9 давлат сувости кемаларига қарши кураш бўйича машғулотлар ўтказди. 

Бундан ташқари, февраль ойида АҚШ, Италия ва Испаниянинг авиаташувчилари Ўрта ер денгизида бир қатор ҳарбий-денгиз машғулотларида иштирок этди. 

Апрель ойининг охирида НАТО дунёдаги энг йирик киберхавфсизлик машқларини ўтказади. Июнь ойида эса Сербия ҳудудида НАТО билан қўшма машғулотлар ўтказилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид