Жаҳон | 16:44 / 08.04.2023
9264
2 дақиқада ўқилади

Россия 6 ойда Украина энергетика объектларига 1200 та ракета учирди

2022 йил октябр ойи бошидан бери Россия ҳарбийлари Украинанинг асосий энергетика инфратузилмаси объектларига 1200 дан ортиқ ракета ва учувчисиз учоқлар учирди. Бундай маълумотлар «УкрЭнерго» томонидан компания Украина энергетика тизими тарихидаги энг қийин деб атаган иситиш мавсуми тугаши муносабати билан тақдим этилган.

Фото: Pavlo Palamarchuk/ZUMAPRESS/picture alliance

«УкрЭнерго» маълумотларига кўра, 250 дан ортиқ ракеталар ва дронлар ўз нишонларига тегиб, асосий тармоқ объектларининг қарийб 43 фоизига зарар етказган. 

Мамлакатдаги барча иссиқлик ва гидроэлектр станциялари маълум даражада зарар кўрган. Айни пайтда шикастланган магистраль тармоқнинг қарийб 80 фоизи аллақачон ишга туширилгани хабар қилинган.

Аввалроқ Украина ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат Россия Қуролли кучлари узоқ масофали бомбалардан фаол фойдаланаётгани, Украина Қуролли кучлари уларни қайтара олмаслиги тўғрисида маълум қилганди.

«Тинчлик йўқ. Душман авиацияси, афсуски, ишламоқда ва кеча бир неча бор хабарларда айтилган эдики, улар ўнлаб километрлар, тахминан 70 километргача уча оладиган махсус бомбалардан фойдалана бошлади. Душман кунига 10-15 тадан 20 тагача бомбани бизнинг ҳаво мудофаа тизимимизнинг кириш имкони деярли йўқ бўлган ҳудудларга Су-35, Су-34 самолётларидан ташламоқда, бу демаркация чизиғи бўйлаб рўй беряпти», деди Игнат. 

Унинг сўзларига кўра, бу Украина учун янги таҳдид бўлиб, унга зудлик билан жавоб бериш керак, аммо ҳозирча бунинг олдини оладиган ҳеч нарса йўқ. 

«Бу самолётларни чегараларимиздан узоқлаштириш учун бизга Patriot каби узоқ масофали учувчи тизимлар ва ҳаво мудофаа тизимлари керак. Албатта, бизга узоқ масофаларда «ҳаво-ҳаво» ракеталарини ишлата оладиган қирувчилар ҳам келиши лозим», - дея таъкидлаб ўтди Игнат.

Мавзуга оид