Жаҳон | 07:56 / 10.04.2023
21286
2 дақиқада ўқилади

Эксперт: Россия-Украина урушидаги бурилиш Бахмутда бўлмайди

Лондон Қироллик коллежи катта илмий ходимининг сўзларига кўра, Россия Қуролли кучлари Бахмутда олдинга силжияпти, лекин «жуда, жуда секин». Урушнинг бурилиш нуқтаси бошқа жойда бўлади, дейди Майк Мартин.

Фото: Picture Alliance

Айни дамда Россия қарийб олти ойдан бери босиб олишга уринаётган Украина шарқидаги Бахмутга эътибор қаратилган бўлса-да, урушнинг бурилиш нуқтаси бошқа жойда содир бўлади. Бу фикрни 9 апрель, якшанба куни Лондон Қироллик коллежининг катта илмий ходими Майк Мартин DW'га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Россия таъминот линияларини кесишга ҳаракат қилади ва бу украиналикларнинг чекинишига олиб келиши мумкин. Аммо украиналиклар бу таъминот линиясини ушлаб тура олсалар, Бахмутни сақлаб қолишади», - деди Мартин. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари Бахмутни фақат Россия томонининг ҳаракатларини боғлаш мақсадида ушлаб туришдан манфаатдор. Бироқ, эксперт бошқа жойларда, масалан, Запорижжяда урушда бурилиш нуқтаси бўлишини кутмоқда.

Мартиннинг сўзларига кўра, РФ Қуролли кучлари Бахмутда «жуда ва жуда қобилиятсиз» ҳаракат қиляпти. Айни дамда улар шаҳарни уч томондан назорат қилмоқда, бироқ Украинанинг барча кучларини тузоққа тушира олишмади, дея қўшимча қилди эксперт. Унинг сўзларига кўра, рус ҳарбийлари шаҳар марказидаги бино ортидан бинони эгаллаб, олдинга силжимоқда. «Шундай қилиб, Россия томонида олға силжиш бор, лекин бу жуда секин ва бунинг учун юқори нарх тўлаши керак бўляпти», деди DW суҳбатдоши.

Унинг аниқлик киритишича, агар илгари махсус хизматлар асосан алоқаларни тинглаш ва сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланиб, турли кучларнинг жойлашувини ўрганишга таянган бўлса, энди улар асосан ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. «Барча разведка хизматлари Twitter ва Telegram'да ўтирибди ҳамда барча юкланган видеоларни томоша қилмоқда. Бу уларга содир бўлаётган воқеаларнинг ҳақиқатдан ҳам энг сўнгги таҳлилини олиш имконини беради», деб қўшимча қилди Мартин.

Мавзуга оид