2023 йил декабрига келиб фронтдаги ташаббус тўлиғича РФ қуролли кучлари қўлига ўтди. Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучларининг Авдийивкадаги мустаҳкамланган ҳудудларини бир уринишда қуршовга олишга эриша олмагач (бу амалиётга катта кучлар жалб этилганди), бутун фронт бўйлаб локал зарбалар бериш стратегисини қўлламоқда, бу ўтган қишда синовда ўтганди. Бундай ҳужумлар Украина қуролли кучларини фаол ҳаракатланишга мажбур қилмоқда: қўмондонлик олдинроқ Запорижжя области ва Бахмут атрофидаги ҳужумкор гуруҳларни заифлаштириш ҳисобига Авдийивкага қўшимча кучлар олиб ўтишига тўғри келганди, энди эса локал инқирозларни бартараф этиш учун ушбу захираларни турли йўналишларга қайта йўналтириш талаб этилмоқда.

Шу билан бирга, Авдийивка Россия кучларининг асосий ҳужум йўналиши бўлиб қолмоқда. Бу шаҳар атрофидаги юриш секинлик билан бўлса-да, давом эттирилмоқда. Ва РФ қуролли кучлари эгаллаб олган ҳар бир юз метр таъминоти атиги бир неча километр кенгликдаги йўлак бўйлаб амалга ошириладиган Авдийивка ҳимоячиларининг ҳолатини оғирлаштирмоқда.

Авдийивка

  • Россия қўшини декабрда Орихив ва Бахмут атрофидан олиб келиниб, шаҳардан шимолдаги Авдийивка — Покровск темирйўли бўйлаб жойлаштирилган захира кучлари мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Ушбу йўлдан ғарбда, Степове (Петровск) қишлоғи ҳудудида ва Авдийивканинг шимолий чеккасида жойлашган коксхимия заводида ҳам жанглар олиб борилмоқда. РФ қуролли кучлари темирйўлнинг ғарбий томонига оғир техникаларини олиб ўта олган. Украина қуролли кучлари мунтазам равишда қарши ҳужум уюштирмоқда ва икки томон ҳам йўқотишларга учрамоқда.
  • Россия қўшинлари Степоведан шимолда ҳужум фронтини кенгайтириб, Бердичи ва Новокалинове қишлоқларига етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Умумий режа яққол кўриниб турибди — РФ қуролли кучлари фронт бўйлаб Украина қуролли кучларининг Орливка ва Ласточкине қишлоқлари орқали ўтувчи асосий таъминот чизиғига етиб бормоқчи
  • Дастлабки режага кўра, жанубдан — Донецк аэропорти атрофидаги Водяне ва Опитне қишлоқлари томондан — йирик кучлар Россия қўшинларининг шимолий гуруҳи билан бирлашиш учун ҳужум қилиши ва доира Ласточкинеда ёпилиши мўлжалланганди. Аммо жанубдан қилинган юришлар октябр ойидаёқ Тоненке ва Северне қишлоқлари яқинида тўхтатилди. РФ қуролли кучларининг ушбу қишлоқларга кириш учун кўп сонли уринишлари муваффақиятсиз чиқди.
  • Россия қўмондонлиги Авдийивка гарнизонини қуршаб олиш иллюзиясига берилмаган: катта эҳтимол билан, гап фақат уларни қуршов хавфи остида ва таъминот ёмонлашиши шароитида чекинишга мажбур қилиш ҳақида кетган (худди баҳорда Бахмутда бўлгани каби). «Сиқиб чиқариш»га  Авдийивкага тўғридан тўғри жануби-шарқдан ҳужум қилган гуруҳ масъул бўлган. Ноябр ойи охири ва декабр ойи бошида бу гуруҳ Авдийивкадан жанубдаги саноат зонасини деярли тўлиқ эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Аммо декабрда бу юриш секинлашиб қолди. Украина қуролли кучлари вазиятни барқарорлаштира олди; украин қўшини ҳамон саноат зонаси атрофидаги — сув тозалаш станциялари, дала ҳовлилар ва «Царская охота» дам олиш базасидаги позицияларни эгаллаб турибди. Бу объектларнинг барчаси Россия армиясининг 2022 йил февралида бошланган босқинидан олдинроқ мустаҳкам истеҳкомларга айлантирилганди.