Украина Қримни қандай қайтариб олмоқчи: Кремлнинг «қизил чизиқ»лари-чи?
Украина урушда Россияга қаршилик қилар экан, мақсади энди 2022 йилнинг 24 февралгача бўлган статус-квони тиклаш эмас, 1991 йилги чегараларга қайтиш, жумладан, Қрим яриморолини қайтариб олишдан иборат эканини бот-бот такрорламоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский 2022 йилги Россия босқини 2014 йили Қримни эгаллашдан бошланган тажовузкорликнинг давоми эканини таъкидлаб келади. Унинг сўзларига кўра, яриморолни озод қилиш «Россиянинг қачонлардир ўзи маҳв этишни орзу қилган украинлар ва Европа, Осиёнинг барча халқлари ҳаётини синдиришга бўлган ҳар қандай уринишларига тарихий нуқта қўяди».
Аввалроқ Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов журналистларга Россия томонидан аннексия қилинган Қрим автоном республикаси «куч ва дипломатия» ёрдамида қайтарилишини айтган эди. Украина қуролли кучлари 2023 йилнинг ёзида Қримни озод этиш операциясини бошлайди. Бундай тахминни Американинг айрим юқори мартабали ҳарбийлари ҳам маъқуллаган.
2022 йил февралидан бошлаб Украина ҳарбийлари яриморолдаги Россия ҳарбий объектларига мунтазам зарба бериб келмоқда. Октябр ойи бошларида яриморолни Россия билан боғловчи ва аннексия рамзига айланган Қрим кўпригида ҳам портлаш рўй берди.
2022 йил охиридан бошлаб Қримда хандақлар қазилиб, истеҳком линиялари қуришга киришилди: руслар Украина қўшинлари ҳужумини қайтаришга тайёргарлик кўра бошлади.
Украина Қримни қандай озод қилмоқчи?
Назарий жиҳатдан — ҳарбий ва дипломатик йўллар билан.
Тушунарли сабабларга кўра, Украина сиёсатчилари ва ҳарбийлари бўлажак операция деталларини ҳарбий сир деб, омма олдида муҳокама қилишмаяпти. Шу сабабли Қримни куч билан озод қилиш тўғрисидаги мулоҳазалар ҳозирча омма олдидаги чиқишлардан иборат парчаларга асосланган.
Россия – Украина урушининг кўплаб шарҳловчилари Москва 2014 йилда Қримни аннексия қилганидан сўнг уни дарҳол қуроллантирган, деган фикрни илгари суришади — яриморол 2022 йилги босқин учун плацдарм вазифасини ўтаган. Шу сабабли унинг Украинага қайтарилиши Россия билан бўлажак ҳар қандай сулҳ ва Украина барқарор хавфсизлигининг гарови ҳисобланади.
Яриморолни озод қилиш бўйича режалар Киевда 2022 йилнинг 24 февралига қадар ҳам ишлаб чиқилаётган эди. 2021 йил февралида Володимир Зеленский «Вақтинчалик оккупация қилинган Қримни оккупация остидан чиқариш ва интеграция қилиш стратегияси»ни қабул қилади. Унинг энг муваффақиятли ички ва ташқи сиёсий йўналишларидан бири – ўша йили Киевда ўтказилган «Қрим платформаси» халқаро саммити бўлганди. Европа Иттифоқи, НАТО, АҚШ, Канада, Япония, Туркия, Гуржистон, Австралия каби 46 давлат ва халқаро ташкилотлар «Қрим платформаси»нинг якуний декларациясини имзолашди: улар яриморолда «РФнинг вақтинчалик оккупациясини тинч йўл билан бартараф этиш»ни узоқ муддатли мақсад деб белгилаб олиб, Россияни (илк марта халқаро расмий ҳужжатда) оккупант давлат деб тан олишди.
«Стратегия»нинг бошқа пунктлари инсон ҳуқуқлари топталиши мониторинги, Украина фуқароларининг яриморолдаги мулкларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш каби жиҳатларни қамраб олган.
«Қрим платформаси»нинг иккинчи саммити 2022 йил августида, кенг миқёсли уруш бораётганда ўтказилди. Унда ўз-ўзидан бошқача оҳанг устунлик қилади: «вақтинчалик оккупацияни тинч йўл билан бартараф этиш» ҳақида гапириш энди ўринсиз эди. Шунда ҳам, иккинчи «Қрим платформаси»нинг якуний декларациясига яриморолни ҳарбий йўл билан озод қилиш киритилмади.
Кенг миқёсдаги Россия босқинининг дастлабки ойларида Зеленскийнинг ўзи ҳам энди Қримни ортга қайтариб бўлмаслигини тан олган эди. Ўшанда Украинанинг бу борадаги расмий позицияси кейинги 10–15 йил ичида «дипломатик тартибга солиш» каби силлиқ жумлалар билан кифояланганди.
Бироқ 2022 йил кузидаги Украина қуролли кучларининг муваффақиятли қарши ҳужуми, жумладан, Херсоннинг озод қилиниши Украина жамияти учун муҳим психологик (нимаси биландир сиёсий) чегара бўлди. Энди Киев «террорчи-давлат» ва шахсан Путин билан ҳар қандай музокараларни принцип жиҳатдан рад эта бошлади. Боз устига, 2022 йилнинг сентябрида украиналикларнинг мутлақ кўпчилиги (87 фоизи) «уруш чўзилиши ва Украина мустақиллиги йўқотилиши хавфи» билан бўлса ҳам Россияга ҳар қандай ҳудудий ён беришни имконсиз, деб ҳисоблаган.
«Қрим масаласи»да дипломатик ечимни Украина ҳокимияти рад этмаган бўлса-да, айни вазиятда фақат унга таяниб қолишни исташмаяпти. Путин аннексия қилинган Қримни тинч йўл билан топширишига ҳеч ким ишонмаса керак.
Украина собиқ мудофаа вазири Андрий Загороднюкнинг сўзларига кўра, украин қўшинлари томонидан Қримнинг озод этилиши Россия томонидан босиб олинган қолган ҳудудлар — Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областлари тўлиқ қайтариб олинганидан сўнг бошланади. Халқаро хавфсизлик соҳасидаги етакчи ҳарбий таҳлилчилар ва экспертлар фикрича, Қримни куч билан озод қилиш реал истиқболга эга бўлиши мумкин. Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний Қримни куч билан озод қилишнинг стратегик зарур шарти дея Мелитополнинг озод қилинишини санаб ўтган.
2022 йил ёзида Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк бир неча твитларида аннексия қилинган Қрим аҳолиси учун эвакуация йўналишларини анонс қилди, шунингдек, яриморол аҳолисини Украинанинг «оккупациядан озод қилиш» бўйича операциялари яқинлашаётгани сабабли бошпаналарни кўздан кечириш ва сув захира қилишга чорлади. Ўшанда Зеленский ҳам Россиянинг Украинага қарши уруши Қримни эгаллашдан бошлангани ва Қрим озод қилиниши билан тугаши ҳақида баёнот берди.
Россия Қримни қайтариб берадими?
Биз буни аниқ билмаймиз — бу борадаги ҳар қандай мулоҳазалар айни дамда ўринсиз. Айтайлик, Россияда сиёсий режим ўзгариб қолса, янги ҳукумат Қримни Украинага дипломатик йўл билан қайтариб беришга тайёр бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Бу томондан Қримнинг оккупациядан халос бўлиши Путиндан кейинги Россиянинг репарациялар тўлаш билан бирга жаҳон ҳамжамиятига қайта интеграциялашуви учун асосий қадамлардан бири бўларди.
Лекин бу ўта фаразий вазият. Айнан шунинг учун Украина ҚК яриморолни куч билан озод қилишга тайёрланмоқда, уруш чўзилиб борар экан, бу ғоя Ғарбда ҳам борган сари тарафдорлар орттирмоқда.
Сўнгги тўққиз йил мобайнида Россия пропагандаси тинмасдан россияликларнинг аннексия қилинган Қрим билан «руҳан яқдиллиги», унинг мамлакат тарихидаги «муқаддас статуси» ҳақида ҳикоя қилди. Устига устак, Кремл «Қримнинг хавфсизлиги ва унинг РФ таркибида сақланиб қолиши» — бу Россия раҳбарияти учун «қизил чизиқ» эканини такрорлашни яхши кўришади. Қизиғи, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам яқинда шунга ўхшаш гапни айтди.
Айни пайтда Қримнинг юридик ва сиёсий статуси Россия эгаллаб олган ва ўзиники деб эълон қилган Украинанинг Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Бу ҳудудларнинг бир қисмини Украина ҚК Россия қўшинларидан озод қилишга ҳам улгурди. Масалан, эндиликда Россия томонидан мунтазам ўққа тутилаётган Херсон шаҳри Россия қонунларига кўра РФнинг бир қисми ҳисобланади. Кремлнинг «қизил чизиқ»лари бузилиб кетди, буни Блинкен ҳам эътироф этди. Айрим ғарб ҳарбий таҳлилчилари ва истеъфодаги украин ҳарбийлари энди Қрим масаласида ҳеч қандай «қизил чизиқ» йўқлигини таъкидлашмоқда.
Деоккупациядан сўнг Қрим аҳолиси билан нима бўлади?
Уларни яна Украинага интеграция қилишмоқчи.
Ҳозирча режа умумий кўринишларга эга: ҳокимият структураси тикланади, украин ва қримтатар тиллари ҳамда маданияти қўллаб-қувватланади, давлатга хиёнат, коллаборационизм ва инсон ҳуқуқларини поймол қилганлик учун жиноий таъқиб ишга тушади, шунингдек, Россия пропагандаси фош этилади.
Вақтинчалик оккупация қилинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазирлик президент офиси билан биргаликда яқин орада яриморолни қайта интеграция қилиш стратегиясини тақдим этишни ваъда қилмоқда. Бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук материкдаги Украинада Қрим озод қилингач ишга киришадиган кадрлар захираси яқинда тайёрлана бошланишини айтди. Назарда тутилишича, захирага Россия-Украина уруши ветеранлари, яриморолдаги қримтатар жамоатлари вакиллари киритилади.
Мамлакат ҳукумати яриморол озод қилингач ҳокимиятни тиклашга ҳудудни 2014 йилги аннексиядан сўнг тарк этган Украина фуқаролари ҳам ёрдам беришидан умидвор. Гап 50 минг киши ҳақида бормоқда. Уларнинг орасида мансабдорлар, судялар, кучишлатар тизимлар ходимлари, врачлар, ўқитувчилар ва ҳ.к.лар бор. Албатта реал рақамлар янада кўпроқ бўлиши мумкин: Қримни тарк этиб Украинага ўтганларнинг барчаси ҳам ўз вақтида қочқин мақомида рўйхатдан ўтишмаган. Айниқса, унинг Симферополдаги биноларида россияпараст ҳокимият Қрим федерал университети очгач, Киевда ўз ишини қайта тиклаган Таврия миллий университетига алоҳида рол берилади.
2022 йилгача россияпараст Қрим амалдорларига нисбатан давлатга хиёнатда гумонланиб, юздан ортиқ жиноий иш қўзғатилган эди. Украина хавфсизлик хизмати 2014 йилда Қрим эгаллангач Россия томонига биринчилардан бўлиб ўтган собиқ украин сиёсатчилари Сергей Аксёнов, Наталя Поклонская, Рустам Темиргалиев ва Владимир Константиновга қарши давлатга хиёнат бўйича очилган ишларни 2021 йилда судга ўтказган эди.
Қрим автоном республикаси Олий радаси, Севастопол шаҳар кенгаши ва бошқа маҳаллий кенгашларнинг собиқ ва амалдаги депутатлари, россияпараст позицияни эгаллаган судялар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. 2022 йил мартида Украина Жиноят кодексига коллаборационизм тўғрисидаги янги модда киритилди — унда жиноят таркибини аниқлаш учун кенг тавсифлар берилган, Украина прокурорлари уни Қримда кенг қўллашларини ваъда қилишмоқда.
Ирина Верешчук эгилувчан люстрация механизми ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда. Хусусан, «оккупацияга кўмак берган» ва/ёки оккупация қилинган ҳудудлардан Украина фуқароларини депортация қилган, муддати сўнмайдиган бошқа ҳарбий жиноятларни содир этганларни ҳам жиноий жавобгарлик кутиб қолади.
Яриморолдаги бўлажак люстрациялар ҳақида Украина президентининг Қрим АРдаги вакили Тамила Ташева бироз батафсил ҳикоя қилиб берди: хусусий тадбиркорлар, врачлар, электриклар, ўт ўчирувчилар, Россия маъмуриятининг оддий ходимлари ҳудуд деоккупация қилингач жавобгарликка тортилмайди. Албатта, агар улар Украинага қарши урушда иштирок этмаган, инсон ҳуқуқлари, Украина қонунлари ва халқаро ҳуқуқларни бузмаган бўлишса. Бундан ташқари, яриморол озод этилгач, у қадар юқори лавозимда ишламаганлар ва россияпараст маъмурият билан ҳамкорлик қилганлар Қримда ишлашда давом этиши мумкинлиги ҳам эҳтиёткорона тилга олинган.
Украина ҳукумати агар Қрим устидан назоратни қўлга киритса, улар тўқнаш келадиган яна бир масала: аннексиядан кейин Қримга кўчиб келган 700 мингдан ортиқ россияликларни нима кутади? Ҳозир улар яриморол аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда.
Эҳтимолий вариантлардан бири — «Қримни мустамлакачилардан озод қилиш». Бу стратегияга кўра, бундай кўчкиндиларнинг барчаси оролдан чиқариб юборилади. Тамила Ташева ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилишини ваъда қилмоқда — ҳал қилувчи мезон «фаол украинапараст позиция» бўлади.
Лекин муаммо ана шунда: яриморол аҳолиси ўртасида украинапарастлик ва россияпарастлик кайфиятини ўлчашнинг ишонарли усули йўқ. Жамоат фикрини аниқлаш бўйича сўровлар ҳам ишончсиз: айни пайтда қримликларга украинапарастлик позициясини намоён этиш хавфли, яриморол Украинага қайтса — россияпарастликни.
Украина аннексия остидаги Қримда 181 нафар сиёсий маҳбусни санаб ўтган, уларнинг 116 нафари қримтатарлар. Сўнгги йилларда қатағон янада кучайган. Тамила Ташевага кўра, Украина ҚКнинг муваффақиятли қарши ҳужумлари маҳаллий аҳоли ўртасида украинапарастлик кайфиятлари ўсишига сабаб бўлган, одамлар эса «Қрим қайтишини аниқ ҳис қила бошлашган». Ташеванинг идораси оккупацияга қаршилик кўрсатиш бўйича хуфиёна ҳаракат ҳам борлигини айтмоқда: маҳаллий партизанлар Боғчасарой районида темирйўлни портлатишга ҳам улгуришган.
Қримлик фаоллар ва ҳуқуқбонлар яриморол озод қилингач «максимал оғриқсиз» қайта интеграциялашувга чорлашмоқда, «қримликлар тўққиз йилдан буён оккупация остида қийналишаётгани ва Украина ҳукуматидан тушуниш ва эмпатия кутишаётгани»ни унутмасликни илтимос қилишмоқда. Қайта интеграциялашув бўйича айрим экспертлар бўлажак реинтеграция муваффақияти қримликларнинг талаблари ва хавотирлари нечоғлик эшитилишига ҳам боғлиқлигини таъкидлашмоқда. Лекин ҳали яриморолнинг озод қилиниши кафолатланмаган.
Мавзуга оид
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024
Курск областида яшовчи 46 киши Украинадан қайтиб келди
11:31 / 23.11.2024