Жаҳон | 08:13 / 12.04.2023
12053
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбойжон ўртасида отишма: етти киши ҳалок бўлди

Арманистон ва Озарбойжон чегарасида отишма содир бўлди, натижада икки томондан камида етти нафар ҳарбий ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда икки давлат мудофаа вазирликлари. Можаро томонлари бир-бирини провокацияда айбламоқда.

Фото: EK

Озарбойжон ва Арманистон чегарасида 11 апрель куни тушдан кейин отишма юз берди, деб хабар қилди икки давлат мудофаа вазирликлари. Озарбойжон томони ўзининг уч нафар ҳарбий хизматчиси, Арманистон Мудофаа вазирлиги – тўрт нафар аскар ҳалок бўлганини ва олти нафари яраланганини маълум қилди. Шу маълумотларга кўра, улардан уч нафарининг аҳволи оғир ва ўта оғир даражада.

Ҳар бир томон иккинчисини биринчи бўлиб ўт очганликда айблади. Ереваннинг иддао қилишича, арман ҳарбийлари Озарбойжоннинг Лочин шаҳри яқинида, Арманистон ҳудудидаги Тех қишлоғи яқинида ўққа тутилган. Боку, ўз навбатида, Арманистон армиясини Лочин яқинидаги Озарбойжон позицияларини қуроллардан интенсив ўққа тутганликда айблади.

11 апрель куни кечки пайт Арманистон Мудофаа вазирлиги отишма бўлган ҳудуддаги вазиятни «нисбатан барқарор» деб баҳолади.

Отишма Арманистонни Озарбойжоннинг халқаро тан олинган ҳудудига кирувчи арманлар яшовчи Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўл бўлган Лочин йўлагидан бир неча километр узоқликда содир бўлган. Йўлакнинг ўзи ҳам, Арманистон анклавини ҳам Россия тинчликпарвар кучлари назорат қилади.

Охирги ойларда Ереван бир неча бор Бокуни ҳуманитар фалокатга олиб келиши мумкин бўлган йўлак блокадасида айблади. Март ойи охирида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Озарбойжон Қуролли кучларини Лочин йўлагидаги қўшма чегарани бузганликда айблади. Боку Арманистондан «инсон кучи, ўқ-дорилар, миналар ва бошқа ҳарбий техника» олиб ўтилишига йўл қўймаслик чораларини кўраётганини айтди.

Мавзуга оид