Фото: Шавкат Мирзиёев хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар - Фаластиндан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатардан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакиядан Виктор Борецки ва Покистондан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлат раҳбари мамлакатимизга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади. Президент ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади.
Мамлакатдаги янгиланишлар жараёни тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда “инсон – жамият - давлат” тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадларига алоҳида тўхталди.
Президент Шавкат Мирзиёев асосий қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, мамлакат етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда.
- Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор, - деди президент.
Маросим давомида давлат раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Фаластин – Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлиги таъкидланди. Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Япония элчисига мурожаат қилар экан, давлат раҳбари Токио Ўзбекистоннинг вақт билан синалган стратегик шериги эканини, ушбу мамлакат билан муносабатлар ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бораётганини қайд этди. Япония республика иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани таъкидланди. 2019 йил декабрь ойида ўтган ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратган Ўзбекистон-Япония саммити тарихий воқеа бўлгани қайд этилди. Олий даражадаги ва вазирликлар ўртасидаги мунтазам мулоқотлар томонларнинг амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги юқори эканини кўрсатмоқда. Режалаштирилган кўп томонлама тадбирлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти икки мамлакат ўртасидаги шерикликни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қатар Ўзбекистон учун яқин дўст, нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфуз ва таъсирга эга мамлакат. Президент Қатар амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Таний раҳбарлигида эришаётган катта муваффақиятларни юксак баҳолади, футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Дохада БМТнинг энг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Ҳамкорлик истиқболларини баҳолар экан, давлат раҳбари бу борада катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бўлажак Ўзбекистон-Қатар саммити икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш сари тарихий қадам бўлишига ишонч билдирилди. Таъкидланганидек, энергетика, қазиб чиқариш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, экологик туризм ва фармацевтика соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади. Президент дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Словакия муносабатлари янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойиб, изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони 2 баравар кўпайгани бундан далолат беради. Ўзбекистон инвестиция соҳасида, шу жумладан тиббиёт, фармацевтика ва кимё тармоқларининг етакчи компаниялари билан биргаликда аниқ лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти муттасил ошиб бораётган Покистон билан муносабатлар икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқотлари туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 1 миллиард долларга етказиш бўйича йўл харитаси қабул қилинган. Афғонистонда иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, шу жумладан Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини тезда бошлаш Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Давлат раҳбари Покистон томонига БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади. Тадбир доирасида ҳар бир элчи билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Чет эллик дипломатлар улар вакиллик қилаётган мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистон раҳбари ва халқига саломи ва эҳтиромини етказди.
Мавзуга оид
15:10 / 02.11.2024
Ўзбекистоннинг янги элчиси Покистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди
12:30 / 02.11.2024
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси дипломатик миссиясини якунлаяпти
07:30 / 28.10.2024
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси тайинланди
08:10 / 10.10.2024