Ўзбекистон | 12:17 / 13.04.2023
5706
3 дақиқада ўқилади

“Кўп йиллар таълимга эътибор берилмади” – журналист Гулноза Ҳусанова

Тошкент шаҳридаги 134-мактабда референдум тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда мазкур мактабнинг собиқ ўқувчиси, «Ўзрепорт» телеканали бош муҳаррири Гулноза Ҳусанова сўзга чиқиб, таълим соҳасидаги кечаги кун муаммолари ва бугунги ўзгаришлари ҳақида фикр билдирди.

Очилишида Шароф Рашидов иштирок этган мазкур таълим муассасаси Тошкент шаҳридаги энг катта мактаблардан бири ҳисобланади. Журналист ўз сўзида бу таълим даргоҳи у учун жуда қадрли эканини таъкидлаб ўтди.

“Мен мана шу маҳаллада катта бўлганман, 1982 йилда шу мактабнинг 1-синфига ўқишга келганман. Ҳозир мактабимни, синф хоналарни айланиб чиқдим. Аввалги синф хоналари билан ҳозиргиларининг фарқи катта.  

Касбим тақозоси билан жуда кўп хорижий давлатларда бўламан. Қаерга борсам у ердаги нарсаларни ўзимизники билан таққослайман. Нега ривожланган давлатларда бунақа, бизда эса унақа, нега буларнинг йўллари зўр, бизники унчалик эмас, деган саволлар ўйлантиради. Ва ҳар доим ўзимнинг саволимга ўзим жавоб топаман. Чунки бизлар кўп йиллар мобайнида мактаб таълимига эътибор қилмадик: вилоятларда ўқитувчилар, ўқувчилар пахта даласида бўлди. Ўша муаммоларнинг акс-садосини мана бугунги кунда ҳам кўряпмиз. Ҳозир энди таълим ривожланяпти, эътибор қаратиляпти.  

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 50-моддаси ҳақида тўхталиб ўтсам. Мазкур моддада ҳар бир фуқаро таълим олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Бу амалдаги Конституцияда ҳам бор. Лекин янги таҳрирдаги Конституцияда давлат узлуксиз таълим тизими ривожланишини таъминлаши белгилаб қўйилмоқда. Бу нима дегани? Таълим фақат мактаб дегани эмас. Таълим аслида боғчадан бошланади. Бизда айнан шундан бошлаб ривожланиш кетяпти. Масалан, авваллари республикада 5 мингта боғча бўлган бўлса, ҳозирда улар сони 29 мингта бўлди. 2030 йилга бориб, болаларнинг боғчага қамрови 80 фоиздан оширилади. Бунинг учун бизларга Конституциянинг 50-моддасига киритилаётган ўзгаришлар керак.

Мени жуда хурсанд қиладиган яна бир нарса шуки, янги дарсликлар яратилди. Бу янги авлод дарсликлари айнан мана шу бизнинг мактабда синовдан ўтказилди. Бу мен учун фахр”, — деди Гулноза Ҳусанова.

Журналист референдумда иштирок этиш орқали янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда жамоатчиликни ҳам конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасликка чақирди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид