Жамият | 19:37 / 14.04.2023
34542
9 дақиқада ўқилади

Америкадаги ҳаёт — IBM'да 7 йил ишлаб, AMD'га ўтган ватандош ҳикояси

“Ўзбекистонга кел дейишади, лекин мен фарзандларим яхши таълим олишини истайман. Бу ерда имконият кўп”, – дейди 13 йилдан буён АҚШда яшаётган Азиз Солиев. Kun.uz мухбири Америкага сафари давомида компютер чиплари дизайни билан шуғулланувчи ушбу ватандошимизнинг уйида меҳмон бўлиб, IT соҳасида ўқиш, ишлаш, ойликлар ва харажатлар ҳақида сўради.

— Лагренжвиллда ер муаммоси йўқ. Ҳовлилар кенг жойлашган, ҳар бир уйга 20-25 сотихдан жой бор. Деворлар йўқ ҳовлиларда, шахсий мулкни ҳурмат қилишади. Одатда Нью-Йорк аҳолиси пенсия ёшигача ишлаб, кейин бошқа бир штатга кўчиб кетишади. Бундай ерларга газ келмайди одатда, фақат электр бор. Лекин электрнинг ўзи етарли ҳаммаси учун. Иситиш тизимимиз дизелда ишлайди, йилига ўртача 4 тонна дизел ёқилади. Электрга эса ойига 100-150 доллар атрофида пул тўлаймиз, умуман узилишлар бўлмайди. Чекка ҳудуд бўлганимиз учун қудуқлардан сув олиниб, қайта ишланади бизда, шаҳар сув тизимига уланмаган.

— Бу ерда яшашнинг яхши ва ёмон томонлари қандай?

— Яхши томони, бу ерда тинчлик бор, ҳавоси тоза, табиати гўзал. Нью-Йорк шаҳрида доимий шовқин бўлади. Кечаси юлдузлар жуда чиройли кўриниб туради бу ерда.

Ёмон томони эса бу ерда ўйин майдончалари йўқ болалар учун. Кейин, Бруклиндан ўзбек ошхоналари бор эди, бу ерда эса бундай имконият йўқ. Бу ерга кўчиб келганимизга 7,5 йил бўлган бўлса, ҳали бирор марта ўзбек оиласини кўрмадик. Ўзбеклар билан гаплашиш учун Нью-Йорк шаҳрига борамиз.

Кўп уйларда қарияларни кўриш мумкин. Чунки Америкада вояга етган фарзандлар ота-оналари билан камдан кам бирга яшашади. Уйларнинг аксарияти ёғочдан қурилади, чунки арзон бу ерда. Аммо ишчи кучи қиммат, шунинг учун ҳам тез битадиган қилишади.

— Коммунал хизматлар учун ойлик харажатингиз қанча бўлади?

— Қиш мавсумида кўп кетади. Электрга 150-200 долларгача бўлса, дизел учун совуқ ойларда минг долларгача бориши мумкин. Лекин йиллик харажатларни умумийлаштириб бўладиган бўлсак, тахминан 600-700 доллар атрофида бўлади. Ер солиғи ва мактаб солиғи ҳам ойига минг доллар бўлади. Бу ерда мактаб солиғини ҳамма тўлайди, фарзандлари бўлмаса ҳам. Хусусий мактаблар ҳам бор, лекин қиммат.

— Умуман, АҚШга келишингиз ҳақида гапириб берсангиз. Қандай бўлган?

— Бу ерга келишимдан олдин ТАТУда ўқиб, кейин 2 йил ишлаганман. 2010 йилда келишга имконият бўлиб қолган. Биринчи Бруклинга келганман, у ерда ўзбеклар кўп. Бир йилча Бруклинда ишлаганимдан кейин ўзимнинг соҳамда (менежмент) иш қидиришни бошладим. Иш топиш мураккаб бўлди. Чунки 2008 йилдаги инқирозда кўпчилик ишидан айрилган эди. Рақобатчи кўп бўлган.

Ўрганиб чиқиб, аниқ фанлар билан боғлиқ соҳаларга талаб катта эканини билганман. Сўнг 2011 йилда электр инженеринг соҳасига ўқишга кириб, 4 йил ўқиганман. Мен келгач, бир йил ўтиб ота-онам, укам ҳам келишди.

Айтганимдек, бу ерда аниқ фанларга асосланган соҳаларга талаб катта ва яхши ҳақ тўланади. Битирувчиларга ҳам таклиф қилинадиган ойлик маош бошқаларникидан баланд бўлади.

— IBMʼга қандай ишга кирганингиз ва фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— IBM ҳақида Ўзбекистонда мактабда ўқиб юрган пайтларим эшитардим. Компьютерларда номини кўриб қолардик. Биринчи серверларга ўрнатиладиган чип ишлаб чиқарувчи бўлимга ишга кирганман. Бу компанияни Томас Ватсон ташкил қилган 110 йил олдин. Мен ўқиган Бингемтон университетида ҳам уни жуда ҳурмат қилишади.

Университетимизда ҳар йили меҳнат ярмаркаси бўлар эди. Шунда IBM компанияси ходимлари билан суҳбатдан ўтиб, кейин компаниянинг ўзига суҳбатга борганман. Мураккаб ёки осон — ҳар хил саволлар беришади. Менга тўртинчи курслигимнинг ноябрь ойида таклиф беришган, кейинги йил ўқишни битириб ишни бошлаганман. Асосий процессор-чип йиғувчи бўлимда ишлаганман. У ердаги фаолиятим 7,5 йил бўлган. Икки йилдан буён AMD компаниясида ишлаяпман, бу ерда ҳам чип дизайни билан шуғулланаман. Олдинги ишим билан деярли бир хил.

— IT соҳасида битирувчилар ва тажрибали ходимларга ўртача қанча маош тўланади?

— Иш тажрибасига қаралади. Бакалавр бўлса, йилига 60-70 минг доллар таклиф қилинади. Машҳур бренд компаниялар 100-110 минг долларгача бериши мумкин. Одатда 5 йиллик тажрибадан сўнг ойликлар 30-40 фоизга ошади. Яъни 140 минг доллардан 250 минг долларгача ойлик олишади. Йирик компаниялар ходимнинг ўзи ўтганидан ташқари ўзлари ҳам пенсия жамғармасига пул ўтказиб туришади. Агар ходим йилига 5 минг доллар пул ўтказса, компания ҳам яна шунча пул ўтказади фондга. Пенсия фондидаги пул белгиланган ёшга етмасдан олинадиган бўлса, 50 фоизи давлатга жарима сифатида берилади. Бундан ташқари, тиббий суғурта хизматлари бор. Компания томонидан таклиф этилган тиббий суғурта ўзим бориб ташкил қилдирадиган суғуртадан арзон тушади тўловлари. Ойига тахминан 300-350 доллар тиббий суғуртага пул тўлайман оилам учун. Агар компания яхши даромад қилган бўлса, йил охирида ойликнинг 10-15 фоизигача бонус бериши мумкин. Умумий кирим-чиқим харажатлар шундай.

Йирик компанияларда бир ой меҳнат таътили берилади. Баъзи компаниялар бир ойдан ҳам кўп бериши мумкин, ҳаммаси ишончга боғлиқ. Қаергадир боришим керак бўлиб қолса, бемалол боришим мумкин, айтиб қўйсам бўлди. Ўзбекистонга борганимизда ҳам бир ой эмас, икки-уч ой мулжаллаб борамиз. Ишни онлайн қилавераман. Бундан ташқари, кўп саёҳатларга бориб турамиз, шундай пайтларда ишхонам ишонади ва имконият яратиб беради. Муҳими, ишлар бажарилса бўлди, истаганча таътил олиш ёки онлайн ишлаш мумкин. Умуман, йирик компанияларда ишловчиларга имкониятлар катта бу ерда.

— Ижтимоий масалалар қандай? Дейлик, соғлиқни сақлаш, мактаб, боғча масалалари. Мигрантларга муносабат қандай?

— Муаммо бўлмайди бу борада. Американинг ўзи иммигрантлар мамлакати. Ажратиш жудаям кам Америкада. Иккита ёш боламиз бўлгани учун тиббиётдан кўп фойдаланамиз. Тиббий суғурта бўлгани учун харажатларни суғурта компанияси қоплаб беради. Суғуртасиз жуда қимматга тушади бу ерда. Шунинг учун мигрантлар биринчи ўринда суғуртага ҳаракат қилишади. Суғуртаси йўқ одамлар ҳам имконияти йўқлигини тушунтирса, касалхона фонди тўлаши мумкин. Лекин унда ҳам биринчи ўрганиб чиқилади.  

— Жарималар, солиқлар ва шу каби давлат билан бўладиган муносабатларда кетадиган маблағ топаётган даромадингизнинг неча фоизини ташкил этади ўртача?

— Ёлғиз яшайдиган инсонлар даромадининг 40 фоизи солиқларга кетади. Оилали инсонларга нисбатан камроқ бўлади, яъни тахминан 20 фоиз бўлади. Штатларда, ҳудудларда фарқ қилади солиқлар, жарималар. Масалан, Нью-Йорк шаҳрида машина тақиқланган жойда қолдирилса, 65 доллар жарима, бизнинг шаҳарчада эса 10 доллар. Кам таъминланган оилалар кам ёки умуман солиқ тўламайди, кўп даромад топадиганлар эса кўпроқ солиқ тўлайди.

— Ўзбекистонликлар кўпинча уй, машина, яхши иш орзусида ҳаракат қилишади. Сизда буларнинг ҳаммаси бор. Энди яна қандай мақсадларингиз бор?

— Инсон орзу қилишдан тўхтамайди ҳеч қачон. Бир мақсадга эришгач, яна бир бошқа мақсад бўлади. Ўзбекистонга кел дейишади, лекин мен фарзандларим яхши таълим олишини истайман. Бу ерда имконият кўп. Фарзандлар энг яхши университетларда таълим олсин, соҳаси бўйича профессионал бўлсин дейман. Орзу-мақсадлар ҳеч қачон тугамайди.

— Америкага келганингиздан афсусланиш бўлганми?

— Биринчи келган пайтимда бўлган афсусланиш. Чунки тизимни билмаганман, ҳужжат масалалари қийнаган, пулим кам бўлган. Пулим камайгани сари депрессияга тушиб борганман. Қарз олиб Ўзбекистонга қайтиб кетмоқчи бўлганман. Иш бошлаб, қўлимга пул туша бошлагач, хавотирлар кетган.

— Ўзингиз ва фарзандларингизнинг келажагини қаерда кўрасиз, Ўзбекистондами ёки АҚШда?

— Очиғини айтсам, фарзандларим бу ерда қолишса керак. Лекин ўзим келажакда Ўзбекистонга қайтиб кетмоқчиман. Болаларим мактабга чиқиб, университетларда ўқимагунча кетмайман лекин.

— Америкага келмоқчи бўлганларга қандай маслаҳат берасиз?

— STEAM соҳасида кучли ўқишлари керак. Ўзбекистонда тайёр мутахассис бўлиб келишларини маслаҳат бераман. Шунда яхши иш топилади. Албатта, тил билиш керак. Ва исталган қийин меҳнатга тайёр бўлишлари лозим, чунки ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Кўпчилик Америкада пул топиш осон деб ўйлайди.

Фаррух Абсаттаров
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид