Жаҳон | 08:24 / 17.04.2023
3717
2 дақиқада ўқилади

G7 қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишни тезлаштиришга келишиб олди

Япониянинг Саппоро шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда аниқ чора-тадбирлар мувофиқлаштириб олинмади, бироқ Франция келишувни муваффақиятли деб атади. Асосийси, унинг фикрича, карбонат ангидрид ташламалари квотаси бажарилмагани учун жазо чорасидан қочишнинг иложи бўлмайди.

Фото: AP

«Катта еттилик» мамлакатлари бир вақтнинг ўзида ҳеч қандай аниқ чора-тадбирларни мувофиқлаштириб олмасдан, қазиб олинадиган ёқилғидан босқичма-босқич воз кечишни тезлаштиришга келишиб олди. «Катта еттилик» давлатлари энг камида 2050 йилгача энергия тизимларида карбонат ангидрид ташламаларини нолга тенглаштириш учун қазиб олинадиган ёқилғидан босқичма-босқич воз кечишни жадаллаштириш мажбуриятини олади», дейилади якшанба, 16 апрель куни етти етакчи саноатлашган давлат атроф-муҳит вазирларининг Саппоро, Япониядаги икки кунлик йиғилиши якунлари бўйича баёнотда.

Баёнотни имзолаган давлатлар бошқа давлатларни ҳам ушбу мажбуриятга қўшилишга чақирди. Бироқ, улар 2022 йилда 2035 йилгача электр таъминотини декарбонизация қилиш тўғрисида келишилган вақтдан ташқари ҳеч қандай аниқ муддатларни белгиламади.

Шунга қарамай, Франциянинг энергетик ўтиш бўйича вазири Аньес Панье-Рюнаше Саппородаги учрашув натижаларини олдинга катта қадам деб атади. «Энг муҳим ўзгариш шундаки, биз карбонат ангидрид ташламалари бўйича квоталар бажарилмагани учун жазо чорасидан қочишнинг имкони бўлмаслигига келишиб олдик», деб тушунтирди у.

Буюк Британия ва Франция G7 мамлакатларига шу ўн йилликдаёқ кўмирдан электр энергиясини «тинимсиз» ишлаб чиқаришга чек қўйишни таклиф қилди, бунинг учун карбонат ангидрид ташламалари квотаси бажарилмагани учун жазо чораси қўлламаслик имконияти бор эди. Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида юзага келган энергетика инқирози фонида Япония, АҚШ ва G7 бошқа давлатлари бу ташаббусни рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид