G7 давлатлари АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши сабаб Яқин Шарқ мамлакатларидан нефт етказиб бериш тўхтаб қолгани фонида Россияга қарши нефт санкцияларини юмшатмасликка келишиб олди. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон 11 март, чоршанба куни “Катта еттилик” давлатлари раҳбарларининг видеомажлисидан сўнг маълум қилди.
G7 етакчиларининг видеоконференцияси Яқин Шарқдаги можаро кескинлашувининг иқтисодий оқибатларини муҳокама қилишга бағишланган эди. Уларнинг энг сезиларлиларидан бири — Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг амалда тўсиб қўйилиши бўлди. Бу Форс кўрфази мамлакатларидан нефт етказиб бериш учун энг муҳим транспорт йўлларидан бири ҳисобланади. Ғарб давлатларида ёнилғи танқислиги ва нархлар кескин ошиб кетиши фонида Россия нефт соҳасига қарши, Украинада давом этаётган кенг кўламли уруш сабаб жорий этилган санкцияларни қайта кўриб чиқиш таклифлари янграган эди.
“Биз вазият ҳеч қайси ҳолатда Россияга қарши амалдаги санкцияларни бекор қилишни оқламайди, деган қарорга келдик”, — деди Макрон йиғилишдан кейин.
“Катта еттилик”нинг видеоконференциясида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам иштирок этди. Суҳбатдан кейин у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида баёнот эълон қилиб, G7 давлатларига Эрон ва Яқин Шарқдаги “ташвишли вазият”ни муҳокама қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Европа комиссияси раҳбари таъкидлашича, Европа давлатлари томонидан жорий этилган Россия нефтига нарх чегараси “бозорларни барқарорлаштириш ва Россия даромадларини чеклаш”га ёрдам беради. “Ҳозир санкцияларни юмшатиш вақти эмас”, — деди фон дер Ляйен.
У, шунингдек, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА)нинг ташкилотга аъзо мамлакатлар стратегик захираларидан 400 миллион баррел нефт чиқариш тўғрисидаги қарорини ҳам олқишлади.
“Катта еттилик” таркибига АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Канада ва Япония киради. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти видеомажлис якунлари бўйича коммюнике эълон қилмади, аммо Оқ уй раҳбари унда иштирок этди ва G7 “дунёга жуда катта таъсир кўрсатишини” айтди.
Бундан олдин айнан Трамп Россияга қарши санкцияларни эҳтимол юмшатиш мумкинлигига ишора қилган эди. “Биз нархларни пасайтириш учун нефт билан боғлиқ санкциялардан вақтинча воз кечамиз, — деди Оқ уй раҳбари 10 март куни матбуот анжуманида. — Биз айрим мамлакатларга нисбатан санкцияларни тўхтатиб турамиз. Балки кейинчалик вазият тинч бўлса, уларни қайта тиклашга ҳам ҳожат қолмас”.















