Жаҳон | 16:38 / 18.04.2023
4586
2 дақиқада ўқилади

Руминия Украинадан ғалла импортини тақиқлаб қўйиши мумкин

Фото: Picture Alliance

Руминиядаги ҳукмрон Социал-демократик партия (PSD) коалицион ҳукуматдан Украина ғалласи импортини вақтинча тақиқловчи фармонни тасдиқлашни сўрашини билдирди

Аввалроқ бундай қарор Полша, Венгрия ва Словакия расмийлари томонидан қабул қилинган эди. 

«Шу билан бирга, Руминия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бошқа мамлакатларига ёки Қора денгиз савдо йўлларига транзитини осонлаштириш орқали Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак», дейилади Руминия қишлоқ хўжалиги вазири Петре Дая аъзоси бўлган партия баёнотида.

Кеча, 17 апрель куни Словакия Украинадан ғалла ва бошқа маҳсулотлар импортини вақтинча тўхтатиши маълум бўлганди. Аввалроқ худди шундай қадамлар Полша ва Венгрия расмийлари томонидан ҳам қилинган эди.

Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг савдо соҳасидаги бир томонлама ҳаракатлари қабул қилиниши мумкин эмас. Бу ҳақда 16 апрель куни Еврокомиссия вакили маълум қилди. Унинг баёноти Полша ва Венгрия маҳаллий қишлоқ хўжалиги тармоқларини ҳимоя қилиш учун Украинадан ғалла ва бошқа озиқ-овқат импортини тақиқлашини эълон қилганидан кейин эълон қилинди.

Полша ҳукумати Украина ғалласи ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлади, деди ҳукмрон «Қонун ва адолат» партияси раҳбари Ярослав Качинский 15 апрель куни.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракат Украинадан арзонроқ маҳсулотлар кириб келиши сабабли инқироз таҳдиди остида қолган Полша қишлоқ хўжалиги секторини ҳимоя қилиш учун зарур.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид