Ўзбекистон | 15:35 / 18.04.2023
20942
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига раҳбар тайинланди

Рустам Юсупов феврал ойидан буён Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажариб келаётганди.

Фото: Facebook / Рустам Юсупов

Рустам Абдулаҳатович Юсупов Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда 17 апрел куни пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг тегишли фармойиши имзоланган.

Рустам Юсупов 1986 йил 12 ноябрда Наманган вилояти Чортоқ туманида таваллуд топган. Тошкент давлат аграр университети (2008) ва Ўзбекистон президенти қошидаги давлат бошқарув академиясини (2020) тамомлаган.

2007 йилдан 2020 йилгача Юнусобод тумани Ободонлаштириш бошқармасида фаолият юритган Рустам Юсупов 2020 йил ноябр ойида шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига ишга ўтиб, бошқарма раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2021 йилнинг ноябридан буён Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасига раҳбарлик қилиб келган Анвар Умаров 2023 йил январида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимлигидан кетиши ортидан шаҳар ҳокими в.б бўлган Бахтиёр Раҳмоновнинг 27 январдаги фармойиши билан лавозимидан озод қилинганди.

31 январ куни эса Умаровнинг ўринбосари бўлган Рустам Юсуповга Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси вазифасини вақтинча бажариш юклатилганди.

Мавзуга оид