Жаҳон | 15:16 / 18.04.2023
10594
3 дақиқада ўқилади

WP: Миср Россия учун ракета ишлаб чиқариш режасидан воз кечди

Фото: Alex Brandon/AP

The Washington Post газетасининг ёзишича, Миср расмийлари АҚШ босими остида Россияга ракета ишлаб чиқариш ва яширинча етказиб бериш ниятидан воз кечган, бунинг ўрнига Украина учун снарядлар чиқарилади

The Washington Post (WP) газетаси ёзишича, Миср АҚШнинг дипломатик босими остида Украинага қарши икки йилдан бери кенг кўламли уруш олиб бораётган Россияга яширинча ракета етказиб бериш режасидан воз кечган. Март ойи бошида АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари билан олиб борилган музокаралардан сўнг Қоҳира ушбу режани амалга оширишни тўхтатиб қўйди, деб ёзади газета 17 апрель, душанба куни АҚШ разведкаси ҳужжатига таяниб. 

Бунинг ўрнига Миср Украина учун 152 миллиметр ва 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ишлаб чиқаришга қарор қилди, бу АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти учун «аниқ дипломатик ғалаба»га айланди, деб ёзади WP. Бироқ ҳужжатларда Қоҳира кейинчалик Москвага ракеталар бериш режасини амалга оширишни қайта тиклаганми ва у АҚШга Украина учун ўқ-дорилар етказиб берганми ёки йўқми, кўрсатилмаган.

Бир ҳафта олдин The Washington Post нашри Мисрнинг Россия армияси эҳтиёжлари учун ўн минглаб ракета ишлаб чиқариш режалари ҳақида хабар берган эди. Уларни ишлаб чиқариш ва ташиш ғарб давлатларидан сир сақланиши керак эди. 17 февралдаги ҳужжатга кўра, Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси юқори мартабали ҳарбий амалдорларга Россияга етказиб бериш учун 40 мингтагача ракета ишлаб чиқаришни буюрган. Бундан ташқари, давлат раҳбари «ғарб билан муаммоларга йўл қўймаслик» учун снарядларни ишлаб чиқариш ва ташиш ҳақидаги маълумотларни сир сақлашни талаб қилди, деб таъкидлайди WP. 

Миср Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили нашр сўровига жавобан Қоҳиранинг Украинада уруш бошланганидан бери тутган позицияси «инқирозга аралашмаслик ва ҳар икки томондан тенг масофада туриш мажбуриятига асосланишини» таъкидлади.

Шу билан бирга, WP Россияга эҳтимолий ҳарбий ёрдам Москва билан узоқ йиллик дипломатик ва ҳарбий муносабатларига қарамай, АҚШ иттифоқчиси бўлиб қолаётган Миср ташқи сиёсий аҳволини тубдан ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда Қоҳира Вашингтондан йилига қарийб 1 миллиард доллар (тахминан 919 миллион евро) ҳарбий ёрдам олиб келган. 

Мавзуга оид