Жаҳон | 08:50 / 19.04.2023
8077
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: Судандаги можаро қурбонлари сони 270 нафарга етди

ЖССТ маълумотларига кўра, Суданда можаро авж олгандан бери ҳалок бўлганлар орасида БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг уч нафар ходими ҳам бор.

Фото: Reuters

Суданда мамлакат армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида 15 апрелдан бери давом этаётган тўқнашувлар натижасида 270 киши ҳалок бўлди, 2,6 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Бундай маълумотларни 18 апрель, сешанба куни Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус маълум қилди.

Унга кўра, ҳалок бўлганлар орасида БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг уч нафар ходими ҳам бор. «Судандаги вазият чуқур ташвишга солмоқда», - деди Гебрейесус. «Мен инсонлар ҳалок бўлишини қоралайман. Биз Судандаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизга бирдамлик билдирамиз», - дея таъкидлади ЖССТ раҳбари.

Гебрейесуснинг сўзларига кўра, унинг ташкилоти ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Судандаги тиббиёт муассасаларига тарқатган ёрдам аллақачон тугаган. Бироқ, давом этаётган тўқнашувлар шароитида кейинги етказиб беришни ташкил қилишнинг иложи йўқ. Шу билан бирга, пойтахт Хартумдаги шифохоналарда ярадорларни даволаш учун зарур воситалар етишмайди, дея қўшимча қилди у. «Баъзи тиббий муассасалар талон-торож қилингани, бошқалари эса ҳарбий мақсадларда фойдаланилаётгани ҳақида хавотирли хабарлар бор», - деди Тедрос Гебрейесус.

15 апрелдан буён Суданда мамлакатнинг амалдаги президенти - Ўтиш даври суверен кенгаш раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ва кенгаш раҳбари ўринбосари, Тезкор ҳаракат кучларига раҳбарлик қилувчи Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасида зиддият кескин кучайди.

Мавзуга оид