Жаҳон | 10:43 / 29.04.2023
9480
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти бўйича муросага эришди

Брюссел ва Шарқий Европанинг 5 та давлати Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини чеклаш ва маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар, деди Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Домбровскис.

Фото: Shutterstock

Европа Комиссияси Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш масаласида Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакия билан муросага эришди. Бу ҳақда 28 апрел, жума куни Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис маълум қилди.

Шундай қилиб, Украина буғдойи, маккажўхори ва кунгабоқар уруғларига нисбатан "алоҳида ҳимоя чоралари" жорий этилади, деди Домбровскис. У уларнинг моҳиятини тушунтирмади, бироқ, Politico'нинг Европа Иттифоқи дипломатлари бўлган суҳбатдошлари, гап бу маҳсулотларни Европа Иттифоқининг бешта давлати ҳудудига олиб киришни тақиқлаш ҳақида кетаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, ЕИ ҳамжамиятга аъзо бешта давлатда жабрланган фермерларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион евро ажратади.

Шу билан бирга, София, Будапешт, Варшава ва Братислава Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган бир томонлама эмбарголарни бекор қилади. Руминия бундай чекловларни ўрнатмаган.

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен муросага эришилганини олқишлади. Келишув Украинанинг дунёни озиқлантиришда давом этишига имкон берадиган экспорт имкониятларини ҳам, европалик фермерларнинг тирикчилигини ҳам сақлаб қолади, деди фон дер Ляйен.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид