Жаҳон | 11:33 / 01.05.2023
8285
2 дақиқада ўқилади

Апрел ойида Хитойнинг ишлаб чиқариш фаоллиги пасайди

Хитойда ишлаб чиқариш секторидаги харид менежерлари индекси бир ой ичида 51,9 пунктдан 49,2 пунктга тушди.

Фото: Reuters

Апрел ойида Хитойнинг ишлаб чиқариш фаоллиги кутилганидан фарқли равишда пасайди. 30 апрел, якшанба куни Хитой Халқ Республикаси Давлат статистика бошқармаси томонидан эълон қилинган Харид бўйича менежерлар индекси (PMI) кўрсаткичлари шундан далолат беради. Хитойнинг ишлаб чиқариш PMI кўрсаткичи март ойидаги 51,9 пунктдан кейин 49,2 пунктга тушди, экспертлар эса 51,4 даражани кутишган эди.

Хитойнинг ноишлаб чиқариш секторидаги фаоллигининг ўсиши ҳам бироз секинлашди. Агар март ойида ушбу соҳада PMI индекси 58,2 пунктни ташкил этган бўлса, апрел ойида у 56,4 пунктга тенг бўлди. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги вазиятни акс эттирувчи PMI деб аталадиган кўрсаткич апрел ойида 54,4 пунктни ташкил этди. Таққослаш учун: март ойида у 57,0 даражасида эди.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, ҳозирги ривожланиш "глобал талабнинг сустлиги ва маҳаллий кўчмас мулк секторини ҳисобга олган ҳолда, COVID-19 пандемиясидан нотекис тикланиш даврида" иқтисодий муаммоларни янада кучайтирмоқда.

50 пунктдан юқори бўлган PMI кўрсаткичи саноатдаги ўсишни кўрсатади, 50 пунктдан паст кўрсаткичлар эса фаолликнинг қисқаришини англатади. Шу билан бирга, PMI бизнес фаоллигининг етакчи кўрсаткичидир, чунки менежерлар кутилган талаб асосида харидларни амалга оширадилар.

Мавзуга оид