Ўзбекистон | 18:18 / 05.05.2023
18285
8 дақиқада ўқилади

Энди дори қиммат сотилса, ортиқча ундирилган пул қайтарилади. Қандай қилиб?

Рақобат қўмитаси “Fair Tech” тизимини ишга тушириб, “Soliq” иловаси билан интеграция қилди. Энди харид чеклари иловада сканер қилинса, дори белгиланганидан қиммат нархда сотилгани автоматик аниқланади ва дорихона жаримага тортилиб, ортиқча ундирилган пулни харидорга қайтаришга мажбур бўлади. Kun.uz бу қандай ишлаши ҳақида қўмита вакили билан суҳбатлашди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 1 майдан “Fair Tech” тизимини ишга туширди.

Энди дори воситаларига қонунчиликда белгиланган устамадан ортиқча нарх қўйиб сотилса, харид чеки орқали автоматик мурожаат шаклланади.

Тизим тест режимида ишга туширилганда дорилар учун ортиқча пул ундиришга оид 15 мингта, расман ишга туширилган кундан 2 майгача 9 мингта мурожаат келиб тушган.

Kun.uz тизим қандай ишлаши ҳақида қўмита бошқарма бошлиғи ўринбосари Ботир Шарипов билан суҳбатлашди.

– Қонунчиликда дори воситаларига устама қўйиб сотишга лимит белгиланган. Аввало шу ҳақда гаплашсак.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситаларининг чегараланган нархлари бор. Яъни биринчи Ўзбекистонга импорт қилиш ёки ишлаб чиқаришда Фармагентликдан дори воситалари рўйхатдан ўтказилганда шу дори воситасининг белгиланган (базавий) нархи шаклланади. Қонунчилик талабига кўра, улгуржи сотувчи воситачилар сонидан қатъи назар [дори устига] 15 фоизгача устама қўйиши мумкин, чакана сотувчи эса 20 фоизгача. Яъни дори воситаларининг нархи шаклланиши бошланғич нархига нисбатан 35 фоиз белгиланади, шундан ортиқ сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

– Демак, дорихоналар хоҳлаганча дориларнинг устига устама қўйиб сотишга ҳаққи йўқ, шунақами?

– Дори воситаларига айнан шу тартиб жорий этилган. Бу тартиб жаҳоннинг бошқа давлатларида ҳам бор. Айрим тадбиркорлар савол бериши мумкин, нега бизда нарх чекланган деб. Дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам дориларнинг чекланган нархи бор. Франция, Германия, Испания, Буюк Британия, Белгия, Туркияда ҳам дори воситаларининг чекланган нархи мавжуд.

– “Fair Tech” ахборот тизими ишга туширилди. Тизим орқали дори учун ортиқча ундирилган пул қайтарилиши айтиляпти. Тизим қандай ишлайди?

– Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликларни автоматик аниқлаш тизимини ишлаб чиқишимиз керак эди. Дориларнинг базавий нархи, улгуржи ва чакана нархлари белгиланган, аввалдан нарх шаклланиш тизими бор эди. Энди ўша тизим Рақобат қўмитасининг “Fair Tech” ва Солиқ қўмитасининг “Soliq” мобил иловаси билан интеграция қилинди. “Soliq” иловасида харид чекини сканерлаш орқали дори воситаси белгиланган устамадан юқори сотиладиган бўлса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига чора кўриш учун мурожаат бўлиб келиб тушади. Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида дорихоналар маъмурий жавобгарликка тортилади, истеъмолчига эса ортиқча ундирилган пул қайтариб берилади.

Ҳуқуқбузарликларни аниқлаш тизими автоматлаштирилди ва шаффофлаштирилди. Қўмитанинг ҳудудий бўлимларига келиб тушаётган хабарлар онлайн кузатувда бўлади. Шунингдек, истеъмолчилар дори белгиланган меъёрдан юқори сотилгани ҳақида SMS-хабар олади. SMS'да ҳавола берилади, унда қанча миқдорда ортиқча сумма олингани, мурожаат жараёнда экани кўриниб туради. Пул қайтарилганидан кейин пул қайтарилгани ҳақида хабар жойлаштирилади.

– Дорихонадан қилган харидим чекини “Soliq” иловасида сканер қиламан, агар мендан ортиқча пул ундирилган бўлса, ўша сканер қилинган чекнинг ўзиёқ автоматик равишда мурожаат сифатида қабул қилинади. Бунда ҳеч қаерга мурожаат қилиш шарт эмас, шундайми?

– “Soliq” мобил иловасидан чекни сканер қилганингизда, сиздан ортиқча пул ундирилган бўлса, сизга автоматик хабар юборилади: “мана бу рақамли чекингизда сиздан ортиқча пул ундирилгани аниқланди, ҳаволага ўтинг”. Энди сиз алоҳида қайсидир ташкилотларга ёки бизнинг 1159 телефонларимизга қўнғироқ қилишингиз шарт эмас. 24 соат давомида ҳуқуқбузарлик ҳақида қўмитага автоматик мурожаат келиб тушади.

Ҳуқуқбузарлик ҳақида қўмитанинг масъул ижрочиларида маълумот шакллангандан кейин дорихона сизга ортиқча ундирилган пулни қайтариб беради. Қўмита дорихона билан тушунтириш ишларини олиб боради, унда сиздан қайси дорига, қанча ортиқча пул ундиргани ҳақида маълумот бўлади. Хоҳласангиз нақд, хоҳласангиз картангизга пул қайтариб берилади. Пул автоматик қайтмайди. Чунки ҳамма ҳам “Soliq” мобил иловасидан рўйхатдан ўтган телефон рақамидан фойдаланмаслиги ёки доимий онлайн бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли қўмита ходимлари томонидан бу масала охирига етилади.

– Агар мендан бирор дори учун ортиқча пул ундирилган бўлса-ю, дорихоначи пулни қайтариб бермаса, нима қилишим керак?

– Бизга тизим орқали келиб тушган мурожаатларда дорихоначи қайтариб бермайди деган нарса бўлмайди. Чунки Маъмурий кодексда тегишли жавобгарлик нормалари бор. Агар бизнинг тизим орқали мурожаат келиб тушмаса ёки “Soliq” мобил иловасидан чекни сканер қилмасангиз, чекни расмга олиб, бизнинг 1159 рақамимизга мурожаат йўлласангиз, шу тартибда кўриб чиқилиб, сизга етказилган зарар қопланади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати бир неча дори бўйича бўладиган бўлса, чеклар бўйича алоҳида баённомалар тузилади. Бу эса тадбиркорлик субъектига етарли миқдорда жарималар тўлашга олиб келади. Шу сабабли тадбиркорларимиз ҳозирдан нархларни тўғрилаб қўйишса, ҳуқуқбузарликнинг олди олинарди.

– Тизим 1 майдан ишга тушди. Шу кунгача қанча мурожаат келиб тушди?

– Тест режимда 15 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди. 1-2 май кунлари жами 9 мингта мурожаат келиб тушди.

Шундай ҳолатлар борки, улгуржи сотувчи чакана сотувчига дорини белгиланган устамадан кўпроқ пул қўйиб сотяпти. Чакана сотувчилардан сўраган бўлардик, “Онлайн фарм” тизимида барча дориларнинг базавий нархи шакллантирилган. Шунга эътибор беришларини сўраган бўлардик. Дорихоналаримиз айтиши мумкинки, менга шундоқ ҳам дори нархи қиммат келди деб. Шундай бўладиган бўлса, қўмитага мурожаат қилишса, уларга етказилган зарар ундириб берилади.

– Дорихоналар нархни қанчагача ошириб сотса, ҳуқуқбузарлик қайд этилади?

– Дейлик, дори нархи чекланган устамани ҳисоблаганда ҳам 135 минг сўм шаклланди. Агар дорихона 135 001 сўм сотса ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликнинг катта-кичиги бўлмайди, барибир ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Рақобат қўмитасининг @dorinarx_bot Telegram-боти бор. Ўша ботга дорининг номини ёзишса, унинг чакана нархини, қанчагача сотилиши мумкинлигини кўриб олса бўлади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтажчи – Боймирза Халилов

Таҳририятдан:

Қўшимча қилиш лозим, тизим ҳақиқатан ҳам ишлаши учун дорихоналар чекларида айнан мижоз харид қилган дорининг идентификация коди (МХИК) тўғри кўрсатилиши керак. Амалда бу мураккаб ва савдо жараёнини секинлаштириши сабабли, аксарият дорихоналар чекларида харидор харид қилган дорининг эмас, умуман бошқа дори ёки бошқа маҳсулотнинг коди кўрсатилмоқда. МХИК тизимини жорий қилган солиқ органлари тадбиркорлар учун ортиқча юк бўлган бу тизим амалда барибир ишламаётганига эътибор бермай келяпти.

Рақобат қўмитаси нархлар назорати бўйича юқоридаги янги тартибни ишга тушириши билан, дорихоналар бундан буёғига ҳам чекларда дориларнинг МХИК кодларини нотўғри акс эттиришда давом этишдан манфаатдор бўлиб қолади.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид