Жамият | 10:00
942
2 дақиқада ўқилади

Ёқилғи нархи ошди, аммо бу асоссиз тарифлар учун баҳона эмас — Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг ошиши монопол ва табиий монопол корхоналар томонидан маҳсулот ва хизматлар нархларини иқтисодий асосланмаган тарзда кўтариш учун сабаб бўла олмаслигини маълум қилди.

Фото: ТАСС

Қўмита маълумотига кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари 10 фоизга оширилгани айрим маҳсулот ва хизматлар таннархига муайян даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ бу ҳолат монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархларини асоссиз равишда ошириш учун асос бўлмайди.

Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан устун мавқега эга корхоналар фаолияти, жумладан улар қўллаётган нархлар доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Шунингдек, қўмита томонидан монопол ва табиий монопол маҳсулотлар таннархида ёқилғи-энергетика ресурсларининг улуши ҳамда улар нархининг ошиши маҳсулот қийматига қай даражада таъсир қилиши олдиндан таҳлил қилинган. Илгари маҳсулот ва хизматлар нархларини ҳақиқий харажатларга нисбатан юқори шакллантирган айрим корхоналарга нисбатан тегишли таъсир чоралари ҳам қўлланган.

Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монопол корхоналарни нарх белгилашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақириб, ҳар қандай асоссиз нарх ошириш ҳолатларига нисбатан қонуний чоралар кўрилишини таъкидлади.

Маълум қилинишича, монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархлари иқтисодий жиҳатдан асослантирилмасдан оширилгани аниқланса, қонунчиликда белгиланган молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланиши мумкин.

Қўмита бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича назорат тадбирлари изчил давом эттирилишини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид