Иқтисодиёт | 11:48
304
2 дақиқада ўқилади

OLX онлайн реклама бозорида устун мавқега эга деб топилди

OLX онлайн реклама жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга оператор сифатида эътироф этилди. Эндиликда Рақобат қўмитаси платформада устун мавқенинг суиистеъмол қилинишига қарши мажбурий мониторинг ўтказиб боради.

OLX Classifieds компанияси онлайн реклама эълонлари жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори сифатида эътироф этилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

«Қўмита томонидан устун мавқега эга рақамли платформа оператори фаолиятида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, устун мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва тегишли тартибда мониторинг ўтказиб борилиши маълум қилинади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда рақамли платформа операторининг устун мавқейини ва устун музокара кучини эътироф этиш тартиби 2024 йилда тасдиқланган.

Унга кўра, қуйидаги шартларнинг бирига риоя қилинганда ҳамда бевосита ва билвосита тармоқ самараси мавжуд бўлганда рақамли платформа оператори устун мавқега эга деб эътироф этилади:

— сўнгги календар йилдаги тушуми БҲМнинг 100 минг баравари (37,5 млрд сўм)га тенг ёки ундан юқори бўлса;

— фаол якуний фойдаланувчиларининг умумий ўртача сони ҳар ойда камида 50 мингни ёки фаол тадбиркор фойдаланувчиларнинг ўртача сони ҳар ойда камида 3 мингни ташкил этса.

Устун мавқега эга деб топилган субъектларга нисбатан устун мавқейини суиистеъмол қилиш деб малакаланадиган 20 га яқин тақиқлар жорий этилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид