Жаҳон | 19:25 / 06.05.2023
11105
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 2026 йилгача «сувости космик станциясини» қуради

Кейинчалик сайёҳларга «сувости космик станцияси»да яшашга рухсат берилади.

Фото: Fabien Cousteau

АҚШ Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси (NOAA) ва Proteus Ocean Group хусусий компанияси Proteus «сувости космик станцияси»ни қуришга келишиб олди. Лойиҳани 2026 йилгача якунлаш режалаштирилган.

Бу 610 кв.м. майдонга эга думалоқ, икки қаватли иншоот бўлади. У Кариб денгизидаги Кюрасао оролидан тахминан 20 метр чуқурликда ўрнатилиши режалаштирилган. Станция ичида тадқиқот ва тажрибалар учун лабораториялар, маълумотларни қайта ишлаш маркази ва ходимлар учун турар-жой бинолари бўлади.

Шунингдек, озиқ-овқат етиштириш учун биринчи сувости иссиқхонаси ва Халқаро космик станциясидаги каби стриминг, тақдимотлар ва онлайн медиа интервью хонасини барпо этиш режалаштирилган.

Proteus шамол, қуёш ва океан иссиқлигидан қувват олади. Станцияда 12 нафаргача олим яшаши мумкин. NOAA вақт ўтиши билан уни сайёҳлар учун ҳам очишини истисно қилмайди.

Proteus лойиҳасининг ривожланиши биринчи марта 2020 йилда маълум бўлган. Шу билан бирга, бу 1986 йилда фойдаланишга топширилган 122 кв.м. Aquarius сувости лабораториясининг замонавий ва каттароқ версияси бўлиши хабар қилинган эди. Ушбу станция АҚШ жануби-шарқидаги Флорида-Кис соҳилида жойлашган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид