Жаҳон | 00:11 / 07.05.2023
19141
2 дақиқада ўқилади

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Прилепинга суиқасдда Қўшма Штатларни айблади

Россия ТИВ буни «Киев режими ва унинг Ғарбдаги кураторлари уюштиргани» аллақачон равшан деб ҳисобламоқда.

Фото: ТАСС

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарғиботчи Захар Прилепиннинг автомобилини портлатишда жавобгарлик Украина расмийлари ва «уларнинг Ғарбдаги ҳомийлари, биринчи навбатда АҚШ» зиммасига юкланади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Департамент портлаш бўйича тергов ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлади. Бироқ Россия ТИВ буни «Киев режими ва унинг Ғарбдаги кураторлари уюштиргани» аллақачон равшан деб ҳисобламоқда.

«Ушбу ва бошқа террорчилик ҳаракатлари учун жавобгарлик нафақат Украина ҳукумати, балки уларнинг Ғарбдаги ҳомийлари, биринчи навбатда, АҚШ зиммасига тушади», дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, россиялик дипломатларнинг фикрига кўра, Вашингтон Прилепиннинг автомобили портлатилишини расман қораламагани туфайли «Америка расмийлари ўзини-ўзи ошкор қилмоқда».

6 май куни Нижний Новгород вилоятида Захар Прилепин кетаётган машина портлатиб юборилди. Оқибатда ҳайдовчи ҳалок бўлди, тарғиботчининг ўзи эса оғир яраланди.

Бир неча соат ичида Россия хавфсизлик кучлари икки кишини ҳибсга олди, улардан бири сўроқдан сўнг суиқасднинг ижрочиси деб эълон қилинди. Россия хавфсизлик кучлари билан суҳбатдан сўнг, эркак узоқ вақт давомида Украина махсус хизматларида ишлаганини ва уларнинг буйруғи билан собиқ ЛХР жангарисига суиқасд қилганини айтган.

Ҳозирча, Украина суиқасдга алоқадорлигини тасдиқламади, лекин рад ҳам қилмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид