Ўзбекистон | 11:19 / 09.05.2023
9585
4 дақиқада ўқилади

Омбудсман вакили қийноққа солинган айтилгани икки маҳбуснинг ҳолидан хабар олди

Учрашувда ҳар икки жабрланувчи қийноққа солинганини тасдиқлашган. Ушбу ҳолат юзасидан Омбудсман томонидан Бош прокуратурага тергов жараёнида қонунийликни таъминлаш бўйича назорат хати киритилган.

Шу йилнинг 1 май куни Ўзбекистон “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов тергов органлари томонидан фуқаролар қийноққа солинаётган ҳолатлар мавжудлиги ҳақида хабар берганди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари қийноққа солингани айтилган икки эркак сақланаётган ҳибсхоналарга бориб, уларнинг ҳолидан хабар олди.

“Жорий йилнинг 6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Ташриф давомида Жиноят кодексининг 164-моддасида (Босқинчилик) назарда тутилган жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, қамоққа олинган Дилшоджон Тўрахўжаев ва 251 прим 1-моддасида (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумонланиб, қамоққа олинган Ҳасанбой Абдунабиевлар билан ҳам якка тартибда ҳоли суҳбатлар ўтказилди.

Ўтказилган суҳбатлар давомида ҳар икки шахс ижтимоий тармоқларда ўзлари ҳақида тарқатилган хабарларни тасдиқлади”, дейилади омбудсман ахборот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда.

Қайд этилишича, Дилшоджон Тўрахўжаев учрашув давомида ўзига нисбатан аввал Наманган вилоятининг Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилгани, қийноққа солинганини таъкидлаган.

Дилшоджон Тўрахўжаев Омбудсман вакили билан учрашув чоғида Фото: Ombudsman.uz

Тадбиркор қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлгани ва олган тан жароҳатларини ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилганлиги бўйича кўрсатма бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Тўрахўжаевнинг қийноққа солингани ҳақида жамоатчиликка унинг адвокати хабар қилганди. Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳимоясидаги шахс баданидаги қийноқ аломатлари акс этган суратларни кўрсатиб, видеомурожаат йўллаганидан сўнг мижозини қийноққа солиш тўхтатилган.

Тадбиркор Омбудсман вакили билан учрашувда ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилган.

“Шу боис Омбудсманнинг мониторинг ташрифи якунларига кўра, Д.Тўрахўжаевнинг қийноққа солинганлиги ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишининг таъминланиши юзасидан Бош прокуратурага назорат хати киритилди”, дейилади расмий хабарда.

Ҳасанбой Абдунабиев Омбудсман вакили билан учрашув чоғида Фото: Ombudsman.uz

Ташриф давомида Омбудсман вакили қийноққа солингани айтилган бошқа бир эркак – Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланиб, тергов ҳибсхонасида сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиев билан ҳам учрашган. Абдураҳмон Ташанов қийноқлар натижасида у салкам ногиронга айланиб қолгани, баданидаги моматалоқ излари ва электрошокерда қийноққа солингани асоратлари ҳануз кетмаганини айтганди.

Таъкидланишича, Ҳ.Абдунабиевнинг адвокати томонидан Омбудсманга юборилган мурожаат назоратга олиниб, Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида кўриб чиқилиши юзасидан Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати киритилган.

Мониторинг ташрифи давомида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг Жиноят-ижроия кодекси ва “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётганлиги ҳолати ўрганилган.

Расмий хабарда ўрганиш давомида ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлиги, жумладан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилгани қайд этилади. Аммо бир қатор камчиликлар деганда нималар назарда тутилгани, айнан қандай эътирозлар билдирилгани очиқланмайди.

“Мониторингда ушбу салбий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига Омбудсман талабномаси киритилди”, дейилади расмий релизда.

Мавзуга оид