Жаҳон | 10:31 / 10.05.2023
4127
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Молдовага янги макромолиявий ёрдамни маъқуллади

Европарламент депутатлари Молдовага 145 миллион еврогача қўшимча макромолиявий ёрдам ажратиш учун овоз берди. Шундай қилиб, ушбу ёрдамнинг умумий миқдори деярли 300 миллион еврога етади.

Фото: AP

9 май, сешанба куни Европа Иттифоқи парламенти Европа комиссиясининг Кишинёвга 145 миллион еврогача бўлган қўшимча макромолиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Шундан 100 миллион евро кредит, 45 миллион евро эса грант кўринишида тақдим этилади. Молдова томонидан муайян сиёсий мажбуриятларни бажариш шарти билан бу сумма 2023 йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларида икки траншда тўланади. Жумладан, адлия тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш, шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг макроиқтисодий дастурини амалга оширишдаги муваффақиятлар назарда тутилган.

Ташаббусни 561 депутат қўллаб-қувватлади, 43 киши қарши овоз берди, 20 нафари бетараф қолди. "Россиянинг Украинадаги босқинчилик уруши ҳеч кимни ва, албатта, Молдовани аямади, - деди Чехиядан депутат Маркета Грегорова. - Уруш, энергетика инқирози, улкан инфляция ва уй хўжаликлари истеъмоли ва инвестициялар камайиши комбинацияси давлат молиясини қуритмоқда ва Молдова фуқаролари фаровонлигига зарар келтирмоқда. Бундан ташқари, Россиянинг минтақадаги таъсири кучайиб бораётгани Молдова иқтисодиётига қўшимча босим ўтказмоқда". Унинг таъкидлашича, иқтисодий ва сиёсий заифлик даврида ЕИ Молдовани қўллаб-қувватлашга мажбурдир.

Руминия депутати Влад Георге Кишинёвга макромолиявий ёрдамни янада кенгайтириш керак, деб ҳисоблайди. "Молдова Россия Федерациясининг Украинага нисбатан шафқатсиз тажовузкорлиги ва доимий гибрид таҳдидлар билан боғлиқ кўплаб хавфсизлик муаммоларига дуч келмоқда. ЕИ кўпроқ маблағ билан ёрдам бериши керак".

Энди Кишинёвга қўшимча макромолиявий ёрдам ажратиш режаси Европа Иттифоқи кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид