Жаҳон | 15:56 / 11.05.2023
23166
7 дақиқада ўқилади

Бахмут: ўлик шаҳарнинг сўнгги кўчалари учун умидсиз жанг

Украина қўшини душманнинг шиддатли ўт очишлари ва тўхтовсиз ҳужумларига қарамай Бахмутнинг бир қисмини назоратида сақлаб қолмоқда. Улар шаҳарнинг ўзларида қолган қисмини ўжарлик билан ҳимоя қилишмоқда, қўмондонлик бу ердан кетиш қимматга тушади деб ҳисобламоқда.

Бахутни ўраб олиш учун қилинаётган ҳужумларни қайтараётган ҳарбийлар

BBC мухбири Жонатан Бил фронт шаҳарда бўлиб репортаж тайёрлади.

Шаҳар чеккасидаги бункерда Украинанинг 77-бригадаси ҳарбийлари артиллерия зарбалари учун мўлжал олмоқда. Артиллерия шаҳарнинг ғарбий қисмидаги сўнгги мудофаа линиясида турган пиёдаларни қўллаб-қувватлайди.

Украин армияси ҳамон Бахмутнинг бир қанча кўчаларини ушлаб турибди.

Шу билан бирга шаҳар устида учиб юрган дронлар орқали олинган видеолар ва шаҳар ташқарисида турган артиллериячиларнинг тайёрлигидан кўриш мумкинки, Россия охир-оқибат шаҳардаги қолган кўчаларни эгаллаган тақдирда ҳам бу улар учун Пирр ғалабасига (милоддан аввалги IV-III асрларда Эпир ва Македония шоҳи, римликлар билан навбатдаги жангдан кейин у улкан йўқотишларни назарда тутиб шундай деганди: «Яна бир марта шундай ғалаба қозонсам, ёнимда ҳеч ким қолмайди») айланади.

Ғолиб фақат вайронага айланган, кимсасиз қолган, бирорта бутун бино қолмаган шаҳарга эга бўлади.

Украина шарқидаги унчалик катта бўлмаган Бахмут шаҳри учун жанг бу урушнинг энг узоқ давом этган ва энг қонли жанги бўлмоқда. Ғарб мамлакатлари баҳоларига кўра, Россия бу ерда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшиб ҳисобланганда 30 минггача одамидан айрилган. Украина армияси ҳам бу шаҳар мудофааси қимматга тушмоқда - ва икки томон ҳам йўқотишлар беришда давом этмоқда: жанг ҳали якунланмади.

Шаҳар узра ҳосил бўлган тутун булутини тўпларнинг тинимсиз зарбалари тарқатади. Россия бир неча ойдан буён Бахмутни штурм қилмоқда ва у аллақачон украинларнинг ўз ерининг ҳар метри учун курашишга бўлган қатъияти рамзига айланган.

Шу билан бир вақтда Бахмут тажрибаси Украина учун қарши ҳужумга ўтиш қанчалик қийин вазифа бўлишини эслатиб турибди.

Дрон узатаётган видеода Бахмутдаги вайронгарчиликлар кўлами яққол кўриниб туради

77-бригада бункерида шундай буйруқ янграйди: бинолардан бирига артиллерия зарбаси бериш. Бир неча сония ўтиб харобалар устида тутун булути кўтарилади. Унинг ортидан икки киши пайдо бўлиб, кўча бўйлаб судралишади. Улардан бири, афтидан, ярадор эди.

Мен булар кимлигига қизиқиб, «Вагнер» жангчиларими деб сўрайман.

«Ҳа», - дея жавоб қайтаради дрон узатаётган видеони кузатиб турган ҳарбийлардан бири Мирослав.

«Улар анча яхши жанг қилишади, аммо одамларини асрашмайди», - дейди у ва душманга, афтидан артиллерия кўмаги етишмаётгани ва вагнерчилар кўпинча шунчаки олдинроқ ҳужумга кетган (ва қайтмаган)лардан фарқли ўлароқ ўзларининг омади келиб қолишига умид қилиб ҳужумга ўтишаётганини қўшимча қилади.

«Улар шунчаки устимизга бостириб келишади. Улар, афтидан, гиёҳванд моддалари таъсирида бўлишади», - дея гапга қўшилади бошқа ҳарбий Николай.

Вайрон бўлган шаҳар харобаларига қараб, нима учун икки томон ҳам уни эгаллаш учун шунча аскарини қурбон қилганини тушуниш қийин.

Николай Бахмут мудофааси Украина учун ҳам қимматга тушаётганини тан олади: оғир кўча жангларида кўплаб аскарлар жон беришди. Уларнинг ўрнига тажрибаси кўп бўлмаган янги чақирилганлар олиб келинди. «Аммо улар ҳам ўзларига қадар жанг қилганлар каби жангчига айланишади», дея ишонч билдиради Николай.

Бахмутдан жанубда Украина армиясининг 28-бригадаси россияликларнинг шаҳарни қуршовга олиш ҳаракатларини қайтармоқда. Аввал бу ерда ҳам «Вагнер» тузилмалари жанг қилган, аммо кейин уларнинг ўрнини десантчилар эгаллаган. Бу ерда ҳар куни жанглар бўлмоқда.

Сукунат вақтида 29 ёшли аскар Евгений бизни украинларнинг кичик ўрмонзордаги позицияларига экскурсияга олиб чиқади.

Бахмут атрофидаги украин ҳарбийлари

Куртак ёзиб яшил баргларга бурканган дарахтлар уларга қўшимча маскировкани таъминлайди. Аммо кўплаб дарахтлар мунтазам артиллерия зарбалари оқибатида шох-шаббасиз қолган.

Биз кратерлар билан тўлган очиқ майдонга чиққанимизда россияликлар миномётлардан ўт оча бошлади.

«Жин урсин, бизни уришларига сал қолди», - дейди Евгений бошпанага етиб олганимизда.

«Энди эса биз уларга жавоб қайтарамиз», - дея давом этади у бошқа бир позицияга ўтганимизда. Бир неча дақиқа ўтиб унинг қуролдошлари ўқотар қуроллар ва гранатомётлардан ўт очишга киришди.

Бу сафар украинларнинг позицияларида йўқотишлар бўлмади. Аммо биз кетганимиздан бир неча соат ўтганимиздан кейин бўлиб ўтган жангда жангчилардан бири оғир яраланган.

Украина президенти Володимир Зеленский Бахмутни украин руҳининг қалъаси деб атаган ва Евгений ҳам умуман таслим бўлмасликка аҳд қилган.

«Бахмут мудофаасининг бутун маъноси душман кучларини шу ерда ушлаб туришда. Биз қанчадир одам ҳаётини сақлаб қолиш учун чекинишимиз мумкин эди, аммо кейин қарши ҳужумга ўтишга тўғри келарди ва янада кўпроқ одам ҳалок бўларди», дея изоҳлайди у.

Украина Бахмут учун жанглар Россия армиясининг тинкасини қуритиб, унинг ҳужум салоҳиятини тамом қилишидан умид қилмоқда.

Украина армиясининг 77-бригадаси зобитлари Бахмут атрофидаги блиндажда туриб ўз пиёдалари ва артиллерияси ҳаракатларини бошқармоқда

Аммо бошқа томондан, Россия украинларнинг бўлажак қарши ҳужумини тўхтатиб туриш учун жадал тайёргарлик кўрмоқда.

Сунъий йўлдош орқали олинган суратлар шуни кўрсатадики, Украина жанубида босиб олинган ҳудудларда россияликлар хандақлар ва танкларга қарши «аждар тишлари» деб аталувчи бетон устунлар воситасида юзлаб километрларга чўзилган мудофаа чизиғини барпо этишган. Бундай линияни ёриб ўтиш украинларнинг позициялари олдидаги симтўсиқлар ва миналанган майдонлардан ўтишдан кўра қийинроқ бўлади.

Кўплар Украина айнан жанубий йўналишда ҳужумга ўтишини кутмоқда. Россия аллақачон Запорижжя атом электр станцияси атрофи ва региондаги бошқа аҳоли яшаш манзилларидан аҳолини қисман эвакуация қилишни бошлади.

Украина ҳам Ғарб томонидан етказиб берилган тахминан 1300 зирҳли машина ва 230 танк ҳамда янги ташкил этилган бригадалардан иборат кучли мушт билан қарши ҳужумга тайёрланар экан, снарядларни тежамоқда.

Тўғри, ғарб техникалари шарқий фронтга ҳам йўл олмоқда - йўлларда колонналарни учратиш мумкин.

Яқинда Украина мудофаа вазири Олексий Резников украинларнинг қарши ҳужуми келажаги борасидаги тахминларни камайтиришга уриниб, унинг натижаларини олдиндан ортиқча баҳолаш керак эмаслигини айтди.

Мен Евгенийдан қандай босим ҳис қилаётгани ҳақида сўрайман. У албатта осон бўлмаслигини айтади. «Аммо биз аллақачон бутун дунёнинг Украина армияси ҳақидаги фикрини ўзгартиришга мажбур қилдик ва бизнинг захирамизда ҳали кўплаб сюрпризлар бор», дея қўшимча қилади ҳарбий.

Аммо бу сафар россияликларни сюрпризлар билан ажаблантириш қийинроқ бўлиши мумкин.

Мавзуга оид