Ўзбекистон | 12:00 / 11.05.2023
12867
3 дақиқада ўқилади

Қатар раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюриши кутиляпти

Тошкент ва Доҳа Қатар раҳбарининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: Dunyo

Жорий йилнинг 8-9 май кунлари инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов амалий ташриф билан Қатарда бўлиб, ушбу мамлакатнинг вазирлик ва идоралари ҳамда йирик компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Учрашувларда икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Савдо ва саноат вазири Муҳаммад ал-Тани билан савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қатар томони ўзаро ҳамкорлик салоҳиятини юқори баҳолади ва Қатар раҳбарининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга кучли туртки бериши ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

Ўзаро савдони ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини ҳамда энергетика, нефт-кимё, кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, IТ соҳаси ва бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини қамраб олган Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқишга келишилди. Икки томонлама солиққа тортишни олдини олиш, Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни имзолашга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. Томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Тошкентда икки давлатнинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилади.

Молия вазири Али ал-Куварий билан суҳбат чоғида бир қатор инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришга келишилди.

Марказий банк бошқарувчиси – Қатар инвестиция агентлиги раиси Абдулла ал-Тани билан Қатар ва Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Энергетика вазири – Qatar Energy  компанияси раиси Саад ал-Кааби билан Nebras Power компанияси билан энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қатар Савдо-саноат палатаси раиси Халифа ал-Тани билан учрашув доирасида қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Qatar National Cement, Baladna, Qatari Diar, Fitco Detergents, Katara Hospitality компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда қурилиш материаллари, маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чорвачилик, меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар ва турар жой мажмуаларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид