“Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” — Ислом Каримовнинг СССР ҳақидаги баёнотлари
Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг бир неча ўн йиллик сиёсий фаолияти зиддиятли характерга эга. У билан кўришганлар анча қаттиққўл, ўз принципларига содиқ ва чўрткесар шахсни тасвирлашади. 25 йил давомида мустақил Ўзбекистонни бошқарган Каримов ўзи вояга етган коммунистик жамият ҳақида анчайин дадил ва қизиқарли нутқлар муаллифи ҳам саналади.

Фото: Sasha Mordovets/Getty Images
Хўш, Ислом Каримов собиқ иттифоқ, коммунистик тизим ҳақида қандай фикрда бўлган?
1991 йилгача: эҳтиёткор ва сиёсий ҳушёр
Албатта, Ислом Каримов совет жамиятида улғайган ва партия сафида йиллар давомида юқори лавозимларда хизмат қилган киши эди. Жумладан, у сиёсий пиллапоялардан кўтарилишни Ўзбекистон ССР Давлат режа қўмитаси (Госплан)дан бошлаган ва раҳбарнинг биринчи ўринбосари даражасига етган.
1983-86 йилларда республика молия вазири, кейинчалик Госплан раҳбари, Қашқадарё области обкоми бўлган Ислом Каримов 1989 йилда можаролар гирдобига қолган Ўзбекистонни Рафиқ Нишоновдан қабул қилиб олади.
Ислом Каримов республика бошқарувини қўлга олганда, СССР сўнгги нафасларини олаётган, Болтиқбўйи давлатлари аллақачон мустақиллик эълон қилишга тайёр эдилар. Гарчи 1990 йил 24 мартда ўзини Ўзбекистон ССР президенти сифатида эълон қилган бўлса-да, Каримов иттифоқдан узил-кесил ажралиб чиқишга шошмади.
1991 йилда журналистлар қаршисидаги Каримов қуйидаги гапларни айтади:
“Мустақилликка эришиш учун, айтайлик, ҳали қанча-қанча қовун пишиғи бор. Қанча азоблар бор, қанча қурбонлар беришимиз керак. Зиёлилар тушунади, ким ўз хоҳиши билан колония даражасида (!) бўлган, хомашёни текинга сотиб берадиган республикани топширади? Ким, борми шунақаси?! Тарихда бунақаси бўлмаган...”
Собиқ иттифоқ қулашининг “каримовча версия”га кўра, мазкур воқеага тизимнинг ўзи айбдор.
“СССР қулашига ташқаридан ҳам таъсир бўлган. Аммо бунга тизимнинг ўзи бош айбдор эди. Шафқатсизлик асосига қурилган тизим ривожланишни кўтара олмасди. Собиқ иттифоқда барчаси давлат манфаатларига бўйсундирилганди. Давлатлар нима сабабдан тузилади? Инсон манфаатлари учун эмасми?! Шу сабабдан инсонлар ташқи дунёдаги ҳолатни кўргандан кейин, гапиришни бошлашди. Уларда фикрлаш имконияти пайдо бўлди.
Бу борада Горбачёвнинг донишмандлиги, сабри, толерантлигига тан бериш керак. У СССРни сақлаб қолиш учун тоталитар тузумнинг сўнгги чораларини ишга солмади. У мутлақо ҳақ эди”, дейди Ислом Каримов History Lab'га берган интервюсида.
Пост-совет давлатлари интеграцияси тарафдори
Собиқ иттифоқ мавжудлигига сўнгги нуқталардан бири қўйилган, МДҲ эълон қилинган 1991 йил декабрда Олмаотада бўлиб ўтган йиғилишда Ислом Каримов ташкилот аъзолари ўртасида ягона фуқаролик ва интеграцияни таклиф қилиб чиққан.
Аммо унинг таклифи Украинанинг ўша пайтдаги президенти Леонид Кравчукнинг кескин қаршилигига учрайди.
“Украина қонунчилигида икки фуқаролик бўлади. Бизда истаган киши ё Ўзбекистон, ёки Украина фуқароси бўлиши мумкин. Аммо МДҲда фуқаролик бўлмайди, чунки бу давлат эмас”, дейди Кравчук.
Балки ўша йиғилишдаги тортишувлар ва баҳслар юртбошининг совет тузуми ва у келтирган оқибатларга нисбатан хафсаласини пир қилган бўлиши ҳам мумкин.
Шундан сўнг Ислом Каримов совет давлатининг ашаддий танқидчиси ва декоммунизация тарафдорларидан бирига айланади.
“Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”
Каримов Олий Мажлис сессияларидан бирида депутатларга қарата айтган собиқ тузум ҳақидаги сўзлари ҳам эътиборга молик.
“Тарих нима учун керак? Тарих ўтган воқеалардан хулоса чиқариш учун керак. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Биз бир замонни бошимиздан ўтказдик. Энди у замонни қайтаришга ҳеч кимга рухсат бермаймиз”, – дея таъкидлаган Каримов.
Гарчи Россия президентлари Борис Елцин ва Владимир Путинлар билан ижобий алоқаларни сақлаб қолган бўлса-да, Ислом Каримов “Россия бошчилигидаги қайта туғилиши мумкин бўлган” иттифоққа кескин қаршилигини билдириб келган ва очиқ танқид қилган.
Айниқса, Владимир Путиннинг бошқаруви даврида Россия анча оёққа тургач, “Путин бошчилигида СССРни қайта тиклаш” ҳақида гап-сўзлар болалаб кетди. Охир-оқибат амбициялар кучайиб, дастлаб Грузия уруши, сўнгра Украина воқеалари содир бўлди.
Ислом Каримов эса 1995 йилдаёқ “Россияда СССРни тиклашга ҳаракат қилаётган кучлар” тўғрисида кескин баёнот берганди.
“Бизнинг истиқболимиз учун яна бир хавф бор – бу Россияда пайдо бўлаётган ҳар хил кучлар, ҳаракат ва намойишлар. Уларни мақсади улуғ Россияни СССР чегараларида қайта тиклаш. Афсуски, ҳозирам Москвага чопиб бориб, нима буюрасиз дейдиганларам бор.
Мана, қўшни давлатларимиз – булар ҳам мақтаниб юрибди-ку, мақтаниши ўзига буюрсин – айтмоқчиманки, чегарани Россия ҳарбий кучлари билан қўриқлаш – бу мустақиллик далолати, бу мустақиллик далили эмас, бу заифлик далили. Нима эмиш, Россия энди мустақил, БМТга тенг аъзо давлатларга уларнинг чегараларини ҳимоялашга, қўриқлашга ёрдам берармиш. Ёрдам берармиш!
Нима учун чегарамизни бошқалар қўриқлаши керак? Чегарани қўриқлайдиган куч ўзига нимани талаб қилади? Холисона ҳеч нарса бўлмайди бу дунёда. Текинга келиб сенинг чегарангни ким қўриқлаб беради? Қани бунақа аҳмоқ?”
Россия раҳбариятига яна бир “тарсаки”
Ислом Каримов Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани сиёсийлаштириш ва парадлар ўтказиб, ўз ҳарбий қудратини намойиш қилиш амалиётини ҳам ёқламаган.
Шу сабабли Ўзбекистонда 9 май санасига Хотира ва қадрлаш куни дея ном берилди. 2016 йил 9 май куни Каримов бу санада парадлар ўтказишни кескин танқид қилиб чиқди.
“Парад ўтказиш бу хотира эмас. Бу битта нарса – униям номи сиёсат. Параддан қанча аскар ўтса, қурол ўтса, бу ўзини намойиш қилишга киради. Бу санада ўтганлар парадни кутганмиди? Йўқ, улар бугунги тинч ва осуда ҳаётни кутганди”, – деди у.
Бундай баёнот 9 майни бутун ҳудуди бўйлаб ҳарбий парадлар билан ўтказадиган, “Ўлмас полк” ғоясини эндигина ёя бошлаган расмий Москвага ёқмаслиги тайин эди.
Хуллас, Ўзбекистонни қарийб 30 йил бошқарган биринчи президент ўзига хос қарашларга эга инсон эди. У юритган сиёсат ва қабул қилган қарорларни ҳозир очиқ муҳокама қилиш мумкиндек кўринса-да, амалда бу баҳслар ҳозирча расмий минбарларда деярли кўзга ташланмайди.
Аброр Зоҳидов
Тавсия этамиз
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Жанубий Корея КХДР билан чегарада ташвиқот радиосини ўчирди
Жаҳон | 20:10
-
Ўзбекистонда россияликларни алдаш билан шуғулланган call-марказ ёпилди
Ўзбекистон | 19:30
-
Янгийўлда юк машинаси велосипедчи болани уриб кетди
Ўзбекистон | 19:10
-
Қоғозда ҳаммаси яхши, амалда-чи? Ичимлик суви таъминотида кенг кўламли камчиликлар аниқланди
Ўзбекистон | 18:51
Мавзуга оид

09:30
Россиянинг постсовет давлатлари ҳудудидаги ҳарбий объектлари. Улар нима учун ташкил этилган?

23:21 / 22.05.2025
“Путинга ёқиш учун айтилган гаплар” — экспертлар Кобяковнинг баёноти ҳақида

17:09 / 21.05.2025
Путиннинг маслаҳатчиси СССР ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон мавжуд эканини айтди

14:22 / 09.05.2025