Спорт | 15:05 / 15.05.2023
38406
9 дақиқада ўқилади

Испанияда чемпионлар фанатлардан қочди, АПЛда интрига тугади. Кун ўйинлари

Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Фото: AFP

Англия: Ҳоланднинг совғаси ва «канонирлар» сериясининг тугаши

Эвертон — Манчестер Сити 0:3
Голлар:
Гундўған (37, 51), Ҳоланд (39). 
Эвертон – Пикфорд, Паттерсон, Тарковски, Мина, Ҳолгейт (Коуди, 56), Гуйе (Онана, 56), Дукуре, Гарнер (Грэй, 76), Ивоби, Макнил, Кэлверт-Льюин (Мопе, 46).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Лапорт, Диаш (Гомес, 90), Аканжи, Гундўған (Силва, 78), Родри (Филлипс, 88), Фоден, Маҳрез, Ҳоланд (Грилиш, 78), Альварес.
Огоҳлантириш: Гарнер (49).

«Эвертон» ўтган турда сафарда «Брайтон»ни сенсацион равишда мағлубиятга учратиб (5:1), лигада қолиш учун катта қадам ташлаганди. Аммо бу натижа ҳали ҳеч нарсани кафолатламасди, шундай экан, Шон Дайч жамоаси ўйинни Де Брюйне ва Грилишсиз бошлаган «Манчестер Сити»га қарши ҳам дадил ўйнади. «Ирислар» танаффусга қадар ҳисобдаги тенгликни сақлаб қоладигандек кўринаётганди, аммо уларнинг умидини Гундўған ижросидаги ҳақиқий шедевр йўққа чиқарди. У жарима майдони ичида дарвозага орқа турган ҳолда тўпни сон қисми билан ўзига бўйсундирди ва шу ҳолатида зарба берди. Йиқилмади ва газонда оёқда қолди ҳам.

Мезбонлар бундай зарбадан кейин ўзига кела олмади ва кўп ўтмай Ҳоланд германиялик яримҳимоячининг узатмасидан кейин боши билан навбатдаги голини урди. Лигадаги голлари сонини 36 тага етказиб олган норвегиялик ҳужумчи ўйиндан кейин ёш мухлисини футболкаси билан хурсанд қилди. АПЛдаги рекорди шарафига тайёрланган бутсадан фойдаланишга эса гол урилган эпизодда ҳожат бўлмади. Иккинчи бўлимда Гундўған яна бир чиройли зарбаси билан у «шаҳарликлар» қаторасига 11-ғалабасини нишонлашини таъминлади.

«Шаҳарликлар» учун бу ўйиндаги ғалаба тарихий бўлди — АПЛда 500-ғалаба. Бунгача «МЮ» (723), «Арсенал» (644), «Челси» (629), «Ливерпул» (627) ва «Тоттенҳэм» (519) клублари бу довонни забт этганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Арсенал — Брайтон 0:3
Голлар:
Энсисо (51), Ундав (86), Эступинан (90+6). 
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Кивер, Тирни, Жака (Нелсон, 60), Жоржиньо (Парти, 60), Эдегор (Смит-Роу, 77), Сака, Мартинелли (Троссард, 20), Жезус (Нкетиа, 77).
Брайтон – Стил, Данк, Колуилл, Эступиньян, Гросс, Мак Аллистер, Гилмор (Уэлбек, 60), Энсисо (Ундав, 82), Митома, Кайседо, Фергюсон (Буонанотте, 77).
Огоҳлантиришлар: Эступиньян (34), Гросс (55), Артета (64), Парти (88).

«Сити»нинг чемпионлиги муқаррарлашгани сайин «Арсенал» бўшашмоқда. «Канонирлар» ўтган турда ўз уйида «Эвертон»дан бешта гол қабул қилиб олган «Брайтон»га қарши ҳеч нарса таклиф қила олмади ва хатолари учун жазоланди.

Биринчи ҳолатда намунали қарши ҳужум Энсисонинг бошда йўлланган аниқ зарбаси билан якунланди. Иккинчи голни эса Ундавга том маънода қишда «чайка»лар раҳбарияти, жумладан бош мураббий Роберто Де Дзерби билан жанжаллашиб, Лондон клубига ўтиб кетган Троссар совға қилди. Якуний зарбани Эступинян йўллаб, ўйин Микел Артета жамоаси учун шармандали натижа билан тугади. Мухлисларнинг катта қисми бунга гувоҳ бўлмади, чунки ҳисоб 0:2 кўринишини олгач, уларнинг катта қисми «Эмирейтс» трибуналарини тарк этишди. Улар бундай ҳолатга анчадан буён дуч келишмаганди, чунки «Арсенал» ўтган йил мартидан буён уйда ютқазмаётганди. Энди «Сити» кейинги турда ўз уйида чемпионликни нишонлаши учун «Челси»ни мағлуб этиши кифоя қилади.

Испания: «Атлетико» кўлмакда

Элче — Атлетико 1:0
Гол:
Фидел (41). 
Элче – Бадия, Бигас (Магалян, 84), Паласиос, Клерк, Бланко (Миля, 67), Моренте, Фидель (Гути, 84), Гумбау, Доналд, Нтека (Хосан, 67), Бойе (Понсе, 90).
Атлетико – Грбич, Молина, Хименес, Эрмосо (Регилон, 61), Витцел, Карраско, Коке (Мартин, 82), Де Пол (Барриос, 61), Лемар (Корреа, 54), Гризманн, Мората.
Огоҳлантиришлар: Фидел (30), Бланко (36).

«Атлетико» кутилмаганда турнирни аллақачон тарк этиб улгурган «Элче» майдонида муаммога дуч келди. Мадридликлар тўп аутдан ташлаб берилганидан кейин гол ўтказиб юборишни «уддалашди», ла лигада бунақаси улар билан тўққиз йилдан буён рўй бермаганди. «Матрасчилар» голни бекор қилишга эришишга уринишди, аммо, бу вазиятда Кокега нисбатан ҳеч қандай фол ишлатилмагани маълум бўлди. Рақиб футболчиси шунчаки Витселнинг туртишидан кейин унга бориб урилганди. Бу эса «Элче» сегундага йўл олишдан олдин ўз мухлисларини мавсумдаги тўртинчи ғалаба билан хушнуд этиши учун етарли бўлди. Диего Симеоне жамоаси эса иккинчи ўринни ўзига қайтара олмади, қолаверса, ушбу рақибга қарши ўйинларда 1985 йилдан буён илк бор гол ура олмади.

Эспанйол — Барселона 2:4
Голлар:
Пуадо (73), Хоселу (90+2) — Левандовски (11, 40), Балде (24), Кунде (53).
Эспанйол – Пачеко, Ҳил, Кабрера, Сержи Гомес (Пуадо, 46), Монтес, Оливан (Колиошо, 84), Денис Суарес (Калеро, 46), Дардер, Меламед (Экспосито, 87), Ҳоселу, Брэйтуэйт (Педроса, 55).
Барселона – тер Стеген, Кунде, Кристенсен (Алонсо, 74), Араухо (Алба, 63), Балде, Бускетс, де Йонг, Педри (Кессиэ, 89), Гави (Фати, 74), Рафиня (Дембеле, 62), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Кунде (2), Гави (39), Дардер (39), Алба (82).

Табиийки, «Эспанйол» «Барселона»нинг чемпионлик байрамини кечиктиришни истарди. Қарама-қаршилик принципиаллиги жиҳатидан ҳам - бу кўк-анорранглилар мухлислари трибунага киритилиши тақиқланишига олиб келди, спортча сабабларга кўра ҳам. «Тўтиқушлар» айни вақтда лигани тарк этиш хавфи остида қолган, аммо мезбонлар бир бош баланд сакрай олишмади ва Хави жамоаси майдонда ўзи истаганча ўйнади.

Дастлаб Алекс Балде чап қанотда рақиб ҳимоячисини чалғитиб ташлади ва дарвозабон ҳудудида очилган Левандовски чемпионатдаги 20-голини уришига ёрдамлашди. Кейин, дастлабки дақиқаларда қулай имкониятдан фойдалана олмаган Педри жарима майдони ичида соло амалга ошириб, тўпни дарвозанинг олис устуни олдида турган Балдега етказиб берди, ҳимоячи эса профессионал даражадаги илк голини урди. Бундай даражада ўсиб бораётган латералга эга жамоага Жорди Алба билан хайрлашиш оғриқли бўлмаслиги тайин.

Кейин меҳмонлар собиқ жамоадошлари Брэйтуэйт ҳисобни қисқартиришига йўл қўйишмади ва бунга жавобан уюштирилган ҳужумда Рафиня Левандовскини голли пас билан таъминлади, учинчи голдан кейин амалда Каталония кўчаларида байрам бошланди. Расмий байрам — кейинги турда «Камп Ноу»да ўтказилади.

Якшанба кунги ўйин эса кичик можаро билан тугади: чемпионликни майдонда нишонлашга қарор қилган меҳмон футболчилар тезда чемпионлик даврасини тўхтатиб, трибуналар остига қочиб яширинишига тўғри келди - уларнинг байрами мезбон мухлисларига ёқмади ва улар майдонга тушиб кела бошлашганди.

Мезбон фанатларни майдондан сиқиб чиқариш қийин эди, шу туфайли кийим алмаштириш хонасига олиб борувчи туннелни қалқон тутган полициячилар тўсиб туришига тўғри келди.

Кун статистикаси

  • «Валенсия» «Селта»ни қаторасига 5-бор мағлуб этди. Бу «кўршапалаклар»нинг ла лигада галисияликлар жамоасига қарши энг яхши серияси бўлди.
  • «Труа» лига 1’нинг 11 мавсумида 6-бор қуйи лигага тушиб кетди.
  • Алексис Санчес «Марсел» сафида 14 гол урди. Бу чилилик футболчи учун 2016/17 йил мавсумидан буён  энг яхши сермаҳсуллик, ўшанда у «Арсенал» сафида 24 гол урганди.
  • «Арсенал» уй учрашувларида 23 гол ўтказди. «Эмирейтс»да мезбонлар бундан ёмонроқ натижани уч мавсум олдин қайд этишганди (24 гол).
  • «Барселона» яримҳимоячиси Педри бу мавсумда шериклари учун 39 бор голли вазият яратди.
  • Бундеслиганинг 32-турида 42 гол урилди — бир ўйинга ўртача 4,7 гол. Бу мавсум рекорди саналади, XXI асрда бундан юқорироқ натижа 2001/02 йилги мавсумнинг 34-турида кузатилган, ўшанда 44 гол урилган.
  • «Каза Пия» жамоаси 84 йиллик танаффусдан кейин яна «Порту» дарвозасини ишғол этди.
  • Арне Слота раҳбарлигида 100-ўйинда «Фейеноорд» Нидерландия чемпионатида 16-чемпионликни нишонлади.

Мавзуга оид