Сешанба оқшомида Лондонда «Арсенал» ва «ПСЖ» ўртасида  асосий еврокубокнинг илк яримфинал ўйини ўтказилади. Қуйида ўйин қандай кечиши, кимда қандай устунлик ва камчиликлар борлиги, кимлар диққат марказида бўлиши ҳақида фикр юритилади.

«ПСЖ» «Арсенал»га қарши куздаги ўйиндан буён анча яхшиланган

«ПСЖ» «Арсенал» билан навбатдаги тўқнашувга сўнгги тўрт учрашувида атиги бир ғалаба билан етиб келди: ЕЧЛ чоракфиналида «Астон Вилла»га қарши ўйинда 2:3 (бу ҳисоб кейинги босқичга ўтиш учун етарли бўлди), ички чемпионатда чемпионлик масаласи ҳал бўлганидан кейин «Гавр» билан 2:1, «Нант» билан 1:1 ва «Ницца»дан 1:3 ҳисобидаги мағлубият. «Ницца»га 31-турда учралган мағлубият – «ПСЖ» учун чемпионатдаги биринчиси бўлди ва мавсумни мағлубиятсиз якунлаш орзуси амалга ошмади. Бу аламли мағлубият, аммо натижа алдамчи, «ПСЖ» ўша ўйинда жуда кўп вазият яратган, рақиб дарвозабони Марцин Булка 12 та сэйв амалга оширишга мажбур бўлганди – бу мавсумда парижликларга қарши ўйинларда фақат Алиссон бундан кўпроқ сейв ижро этганди.

Катта эҳтимол билан, сўнгги ойларни ўта кучли ўтказган «ПСЖ»да чиндан ҳам пасайиш юзага келди, аммо сўнгги ўйинлар жиддий хулосалар чиқариш учун етарлича жиддий эмасди. «Арсенал»га қарши илк яримфинал кўп нарсага ойдинлик киритади: «ПСЖ» ўйинида чиндан ҳам пасайиш борми ёки бу ҳал қилувчи сакраш олдидан нафас ростлашми?

2025 йилда «ПСЖ» ўзини дунёнинг энг яхши жамоаси мақомига яққол даъвогар сифатида намойиш этди. Усмон Дембеле доимий ҳаракатдаги тўққизлик сифатида порлади. Ҳужум қанотларида эса Хвича Кварацхелия, Дезире Дуэ ва Брэдли Барколя асосий таркибдаги икки жой учун рақобатлашмоқда. Витиня, Жоау Невеш ва Фабиан Руис каби технар футболчиларнинг барқарорлиги билан майдон маркази яхлит кўриниш олган. Ашраф Ҳакими ва Нуну Мендеш – энг кучли қанот ҳимоячилари жуфтликларидан бири, Мендеш мудофаада балансни таъминлаш учун тез-тез учинчи марказий ҳимоячи бўлиб орқада қолса ҳам, керакли пайтда ҳужумларга қўшилади. Вилян Пачо исталган зарбани блоклайди, мудофаадаги сифатлари бўйича у тажрибали Маркиносдан қолишмайди. Жанлуиджи Доннарумма эса айнан ЕЧЛ плей-оффида кучли ўйин кўрсатмоқда. 

Луис Энрике тўп назорати ва футболчилар бир-бирининг ўрнини тўлдириб ҳаракатланишига катта эътибор қаратади. Дембеле қанотга ёки рақиб жарима майдони томон югуради, қанот ҳужумчилари ўрин алмашади, Руис марказий ҳужумчи позициясига чиқади, Мендеш – гоҳ учинчи марказий ҳимоячи, гоҳ чап қанот ҳужумчиси, гоҳ яримқанот ҳужумчисига айланади, Витиня ва Невеш исталган жойда пайдо бўлади. Тўпсиз ҳолатида «ПСЖ» биринчи навбатда тўп йўқотилишидан олдинги тиғиз жойлашуви ҳамда интенсив жамоавий ҳаракати туфайли ажойиб контрпрессинги билан ажралиб туради.