Испания Кубоги Каталонияга йўл олди
«Барселона» – «Реал» – 3:2
Голлар: Педри, 28, Торрес, 84, Кунде, 116– Мбаппе, 70, Чуамэни, 77
«Барселона»: Шченсни, Кунде, Кубарси, Мартинес, Мартин (Араухо, 85), Педри, де Йонг (Гави, 86), Олмо (Лопес, 64), Ямал, Торрес, Рафиня.
«Реал»: Куртуа, Васкес (Модрич, 55), Асенсио, Рюдигер, Менди (Ф. Гарсия, 11), Валверде, Чуамэни, Себалйос (Гулер, 55), Беллингҳем, Родриго (Мбаппе, 46, ), Винисиус ( Диас, 89).
Огоҳлантиришлар: Мартин, 37, де Йонг, 68, Лопес, 90+4, Рафиня, 90+10 – Чуамэни, 31, Модрич, 90+1, Беллингҳем, 108.
Четлатишлар: Рюдигер 120+3, Васкес 120+3, Беллингҳем 120+4.
Жорий мавсум давомидаги олдинги икки класикода «Реал» иложсиз бўлиб кўрингани, «Барселона» эса деярли мукаммал ўйнагани ҳақида фақат дангасалар гапирмади. Бу ўйинларни тўлиқ кўрмасдан, фақат ҳайлайтларни томоша қилиб ёки ҳисобга қараб ҳам шундай хулосага келиш мумкин эди. Чемпионат доирасида «Сантяго Бернабеу»даги 4:0 ва Саудиядаги Испания Суперкубоги учун ўйиндаги 5:2 — класикода анча вақтдан буён жамоалардан фақат бири яққол устунлик қилгани кузатилмаганди. Аниқроқ айтилса — деярли бир асрдан буён: кўк-анорранглилар 1926 йилда Испания кубоги чоракфиналидаги икки ўйинни ҳам ютганидан буён (3:0, 5:1). «Реал»да ҳам 1935/36 йиллар мавсумида 3:0 ҳисобидаги икки ғалаба бўлган, ўшанда қаймоқранглилар турнирларда тарихий «Мадрид» номи билан иштирок этарди.
Ўтган асрда муросасиз рақиблар бир-биридан қаттиқ ўч олишарди. Масалан, 1974 йилда «Реал» аввалига лигада 1:5 ҳисобида шармандали мағлубиятга учрайди, аммо тўрт ой ўтиб мавсум Испания кубоги финалида «Барса» йирик ҳисобда таслим этилиши билан ёпиб берилади (4:0). Бу сафар мадридликлардан мухлислар ҳисоб бўйича 260-класикода реванш олишини кутишаётганди. Жамоа ўтган ҳафтада «Атлетик» билан ўйиннинг иккинчи бўлимида яна олдинги «Реал»ни эслатиб юборгани ҳам мухлисларга умид бағишлаганди, аммо Ҳанси Флик болалари кучли прессинг қиладиган ўйинда ташаббусга эгалик қилиш осон эмасди.
Шундай экан, Карло Анчелотти яқинда Чемпионлар лигасида «Манчестер Сити»га қарши кечган ўйинни эслаб, прагматизм фойдасига танлов қилди. Мбаппе ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги туфайли Винисиус Жуниор ягона ҳужумчи сифатида майдонга тушди. Родригони ҳам тез-тез олдинги чизиқда кўриш мумкин эди, лекин у қанотда орқароқда ўйнаб, Лукас Васкесга ёрдам бериши ҳам талаб этиларди. Беллингҳэмга рақиб ўйинини бузиш вазифаси топширилганди, Тшуамени эса вақти-вақти билан марказий ҳимоячилар билан бир чизиққача қайтди. Майдон марказига туширилган Валверде билан ҳам шундай ҳолатни тез-тез кузатиш мумкин эди.

























