08:38 / 16.05.2023
6528

Гуржистон Россия авиакомпаниялари парвозларига рухсат берди

Гуржистонга парвозларни амалга ошира оладиган биринчи Россия авиакомпанияси "Азимут" бўлади. 17 майдан бошлаб тўғридан тўғри рейслар амалга оширилиши мумкин.

Фото: VisualRian

Гуржистон Россия билан тўғридан тўғри рейсларни тиклади. Бу ҳақда 15 май, душанба куни Гуржистон фуқаро авиацияси агентлиги маълум қилди.

Идорада таъкидланганидек, Гуржистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги рейслар фақат санкцияга дучор бўлмаган авиакомпаниялар ва самолётлар томонидан амалга оширилади. Агентлик раҳбари Гиви Давиташвилининг таъкидлашича, бешта авиакомпания тўғридан тўғри рейслар учун ариза берган, улар орасида 17 майдан рейсларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлган “Азимут” компанияси текширувдан ўтган.

10 май куни Россия президенти Владимир Путин 15 майдан Гуржистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилиш ва 2019 йилдан бери амалда бўлган Россия Федерациясидан Гуржистонга ҳаво қатновига қўйилган тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Грузия президенти Саломе Зурабишвили ушбу фармонни танқид қилиб, Россия Федерацияси Украинада уруш олиб бораётган ва Грузия ҳудудини босиб олаётган бир пайтда тўғридан тўғри рейсларни қайта тиклаш қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Ўз навбатида, ЕИ Гуржистонни Россия Федерациясидан техник жиҳатдан "ишончсиз самолётларни" киритмасликка ва ҳаво қатнови соҳасида Москвага қарши Европа санкцияларига қўшилишга чақирди.

Top