Ўзбекистон | 13:11 / 19.05.2023
4430
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 88 млн долларлик «Яшил водород» лойиҳаси амалга оширилади

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида умумий қиймати 88 миллион долларлик «Яшил водород» лойиҳасини ривожлантириш бўйича инвестиция келишуви имзоланди.

Фото: Dunyo

Келишув имзоланганидан сўнг компания раҳбари Марко Арчелли «Дунё»га берган интервьюсида Ўзбекистонда ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити учун яратилган шарт-шароитларни ижобий баҳолади:

– Амалга оширилаётган иқтисодий сиёсат Ўзбекистон бизнес юритиш учун ажойиб жой эканлигини бутун дунёга кўрсатмоқда. Ўйлайманки, бундан олти-етти йил аввал бугун Ўзбекистон кун тартибининг марказида бўлишини ҳеч ким тасаввур қилмаган бўларди. Инвесторлар билан олиб борилаётган мулоқот хориж капиталини жалб қилиш учун қандай қулай шароит яратаётганини кузатишимиз мумкин. Тегишли зарур қарорлар қабул қилиниши ҳам муҳимдир.

Келажакдаги режалар ҳақида шуни айтмоқчиманки, биз кўпроқ сармоя киритамиз ва иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар яратамиз. Шунингдек, коллежни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда янги имкониятлар очиш ва техник соҳани ривожлантиришга қаратилган бошқа қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Саммитда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Ренауд-Бассо, Европа комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис, ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши раиси Магнус Бруннер, 2,5 мингдан ортиқ хорижий ҳукумат раҳбарлари ва етакчи трансмиллий корпорациялар ва саноат холдинглари, халқаро молия институтлари ва банклари вакиллари, шунингдек, 70 дан ортиқ давлатдан иқтисодиёт, сармоя, молия ва инновациялар соҳасидаги эксперт ва таҳлилчилар, фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистлар иштирок этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид