Жамият | 14:34 / 27.05.2023
29056
6 дақиқада ўқилади

Юртда барака йўқ. Савдо суст. Қимматчилик... Хўш, сабаб нимада?

Фото: Shutterstock

Қурилиш бошлагандим, тахта бозорга бордим. Усталар «5х3 рейка керак», деди. Бозордан рейка қарадим. Нархи 5500 сўм экан. Бир сотувчи «Ака, сизга 5х3 керакми? Булар 5х3 дегани билан шунча чиқмайди. Мана...», деб ўлчаб берди. Ҳақиқатда 4х2 экан. 5х3 олиш учун 6х4 деганидан олиш керак экан. Рози бўлиб, 6х4 олдим. Усталар бўйини 6 метрлик бўлсин деган эди. 6 метрлик сўрадим. «Мана», деб дарров юклашни бошлади. Бирдан каллага фикр келиб қолди: «ука шошманг, метрни олинг», дедим-да, ўлчадим. 6 метр деб сотилган река 5,70 см экан. Ҳам энидан, ҳам бўйидан....

Юртда барака йўқ. Савдо йўқ. Қимматчилик...

* * *

Усталар билан ғишт уришга шартнома қилдим. Ғиштни урганидан эмас, машинада келганидан санар экан. Зилда келган ғиштни эринмай доналаб санадим. 2500 та дейилган ғиштдан инсофлиги 200 та, стандарти 350 та кам келар экан. Уста шуни билгани учун урганидан эмас, келганидан ҳисоб олар экан. Ҳам машинада келганидан, ҳам устадан зарба ейсиз.

Юртда барака йўқ. Савдо йўқ. Қимматчилик...

* * *

Усталар ҳаммаси қурилиш материаллари сотадиган қайсидир дўконга етаклайди. Усталар у ердан карта очиб олган. Пластикка ўхшаган. Уйни эгаси бориб савдо қилади. Устага ўн фоиз картасига пул келиб тушади.

Юртда барака йўқ. Қимматчилик...

* * *

Бир ака антифриз чиқардилар. Антифриз қоғозда ёзилгани каби -20 градус ва -40 градуслик чиқди. Бозордаги ҳамма маҳаллий антифриздан қиммат. Сабабини тушунмай, ҳамма антифризларни олиб келиб, -5 градус холодильникка қўйган. Уч соатда ҳамма антифриз тахта бўлиб қолган. Ишлаб чиқарувчиларга ҳолат видеога олиб юборилган. Ҳожи акалар парвойига ҳам олмаган.

Юртда барака йўқ. Қимматчилик... эканини айтишади.

* * *

Ўртоғим бензин заправкада ишлайди. Энг инсофли заправка ўнига бир литр, қолганлари икки литр урар экан. «Мени билганим урмайдигани йўқ», дейди. Ҳамма билар экан шундайлигини.

Юртда барака йўқ, ҳаммаёқ қимматчилик эмиш.

Бошқа бир танишимнинг иши порасиз, откатсиз битмас эмиш. Пора бермаса, давлат ташкилотлари олмас эмиш.

Айтишича, юртда барака йўқ. Аввалгидай савдо йўқ эмиш.

* * *

Уйфурушларга уйингизни сотмоқчи эканингизни айтасиз. Бўлди, нақдга ўзимиз оламиз, деб баҳолайди. Табиийки сиз қимматроқ нарх хоҳлайсиз. Уёғига тузоғига тушганингиз шу. Каналида эълон беради уйингиз сотилиши ҳақида. Сиз мижоз кутасиз. Уйингизни олмоқчи бўлган харидор уйфурушга телефон қилади. Уйфуруш у уй сотилганини, истаса бошқа уй борлигини айтади. Сизга эса ҳамтовоғини жўнатади. Ҳамтовоқ уйингизни кўриб, дастлабки уйфуруш айтган нархдан анча паст баҳо айтади. Шу тариқа учинчиси, тўртинчиси келиб арзон нарх айтаверади. Тоқатингиз тоқ бўлиб, биринчи айтган нархингизга ўзингиз олиб қўя қолинг, дейсиз. Хўп, дейди деб ўйлайсизми? Содда бўлманг. Энди уйингизни биров олмаётганини, бошида берганда майли деб олишини, ҳозир эса яна беш юз ёки минг арзонга олиб қолишини айтади. Пул зарурлигидан рози бўлиб юборасиз. Бу «приём»ни ҳаммага ҳам қилмайди. Пул зарур, «пожар» деган одамлар «жирний клиент».

Ҳа, айтганча, жума куни маклер акаларимиз ишлашмайди. Дам олиш куни...

* * *

Бозорда кабелчилар бор. Давлат муассасаларига, қурилиш объектларига сим сотишади. Улгуржи. Заводдан кабелни олиб, чўзишади. Хато эшитмадингиз. Эшилади. 2х2.5 кабель, 2х2 ёки ундан ҳам камроққа, метри кўпроққа айланади. Завод упаковкасини қайтадан қилиб, сизга беришади. Бутун бошли катта заводлар қуриб, кабель сотиб ётишибди. Цехда қилинган, бирортаси айтилган талабга жавоб бермайдиган кабеллар. Лекин тонналаб, навбатга қўйиб сотишади. Откат бор экан, кабель сотилаверади.

Лекин аввалгидай савдо йўқ. Барака йўқ экан.

* * *

Бу каби ишларнинг саноғи йўқ. Оддий сода бор. Совет давридан бери 500 граммли қадоқда бўлар эди. Грамми камайиб, камайиб, 250 граммга тушган. Билмаган «ҳақиқийси фалончида қиммат экан, мана бу арзон сотади», деб олаверади. Ичи тўла бўладиган гугурт ярим бўлиб қолган. Сантиметрлаб, миллиграммлаб урилаверади. Камаяверади.

Цементга қум қўшаётганлар, сутга сув қўшаётганлар ҳеч кимга сир бўлмай қолган.

Машина бозорга чиқсангиз, ҳамма машинани доктор ёки ўқитувчи минган. Ишга бориб келган бўлади. Уч марта думалаган машинада озгина «петно» бўлади. Бозорда думалаган, қаттиқ зарба еган машина йўқ. Сиз йўлларда кўрган думалаб кетган, пачоқланиб, мажағланиб кетган машиналар бозорга кирмайди. Металлоломга кетади.

OLX, автоэълон каби нарсалар савдони ўлдирганмиш. Барака йўқ эмиш...

* * *

Қўқонда машҳур «запчаст бозор» бор. Бозорга чиқиб, улгуржи сотадиганлардан нарх сўрасангиз, бегонага нарх айтмай қўйибди. Нимага, деб танишдан қизиқдим. Менга рақобатчиларим одам юбориб, нарх сўраяпти. Нархни айтсам, Хитойга бориб, худди шу нарсани сифати паст, лекин нархи арзон қилиб чиқариб келиб, тагимдан қўйяпти, деяпти.

Эҳтиёт қисмлар савдосида ҳам аввалгидай барака йўқ эмиш. Савдо ўлган эмиш. Монополия қилиб олиб, соққани қилаётган ҳожи ака ёки бой акаларга қуллуқ қилиб, ҳавас қиламиз. Монополистга хизмат қилиб, соққани қиладиганлар адолат истайди. Нолиб қўяди.

* * *

Санаганларим давлат ташкилотларидаги ҳаромхўрликлар эмас. Юрт ичидаги оддий одамларнинг ишлари. Бир-биримизга бўлган муносабат.

Мен бурнимни тиқмаган, юқорида келтирмаган ишларни, соҳаларни сиз яхши биласиз. Ҳамма менга ўхшаб фаришта бўлса, юқоридаги ишларни қайси ола бўжи қиляпти?

Саййид Ислом

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид