Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Блинкен: АҚШ Украинада тинчликка эришиш учун ҳаракат қилмоқда
Вашингтон, агар улар Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини таъминласа, бошқа давлатларнинг можарони тугатиш бўйича ташаббусларини рағбатлантиради.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 2 июнь, жума куни Ҳелсинки мэрияси биносида Финландия халқаро муносабатлар институти мезбонлик қилган тадбирда сўзлаган нутқида, Қўшма Штатлар Украина ва бошқа иттифоқчилар билан урушни тугатиш учун «адолатли ва мустаҳкам тинчлик»нинг асосий элементлари атрофида консенсус яратиш устида ишлаётганини маълум қилди.
Вашингтон, шунингдек, БМТ Низомига мос келадиган ва Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини таъминласа, бошқа давлатларнинг можарога барҳам бериш ташаббусларини рағбатлантиради, деди у ўз нутқида.
«Агар улар адолатли ва мустаҳкам тинчликка йўл топишга ёрдам берса, Бразилия, Хитой ёки бошқа давлатларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз», - дея қўшимча қилди Блинкен. «Украинага қарши тажовузкор уруш стратегик муваффақиятсизлик бўлди», деб таъкидлади давлат котиби.
Вашингтон Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этади, чунки самарали дипломатия учун зарурий шарт Киевнинг келажакдаги ҳар қандай тажовуздан ҳимояланиш қобилиятидир. Блинкен АҚШ «келажакдаги Украина армияси»ни қуришда ёрдам беришини айтди. Бу замонавий ҳаво кучлари, ҳаво ва ракетадан мудофаа комплексини яратиш, ўқ-дорилар ишлаб чиқариш салоҳияти, замонавий зирҳли техникалар билан таъминлаш, куч ва воситаларни жанговар шай ҳолатда сақлаш учун шароит яратиш демакдир.