Жамият | 11:09 / 04.06.2023
20814
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда Matiz ва Ladа тўқнашуви оқибатида икки киши жароҳатланди

Тошкентда вояга етмаган бола бошқарувидаги Matiz ҳаракатсиз турган Ladа билан тўқнашди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки ҳайдовчи жароҳат олди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2 июн куни соат 05:00 ларда Тошкент металлургия заводи қаршисида 2007 йилда туғилган Б.Ш. Matiz русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, ҳаракатсиз турган 26 ёшли Ж.Ш. бошқарувида бўлган Ladа билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Аниқланишича, Matiz’ни автомашина бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган 16 ёшли вояга етмаган фуқаро ҳайдаб кетаётган бўлган.

ЙТҲ оқибатида Matiz ҳамда Ladа ҳайдовчилари турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид