Жаҳон | 22:36 / 05.06.2023
13428
2 дақиқада ўқилади

АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс президентлик пойгасига қўшилди 

У собиқ президент Доналд Трамп ва Флорида губернатори Рон ДеСантис рақиби бўлади. 

Фото: Reuters

АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс 2024 йилги президентлик сайловида иштирок этиш учун ўзини Республикачилар партиясидан номзод сифатида эълон қилди. 

Энди у собиқ президент Доналд Трампга қарши курашни ташкил қилиши керак. Сайловда республикачилардан фақат ягона номзод иштирок этиши мумкин. Пенс ўз кампаниясини 7 июнь куни Айова штатида видео ва нутқ билан бошлайди. 

Пенс аввалроқ Доналд Трамп тарафдори бўлган, аммо 2020 йилги сайловда Жо Байденга ютқазганидан сўнг, Трамп сайлов натижаларини бекор қилишга уринганида, уни қўллаб-қувватлашдан бош тортган эди. 

Содиқ ижтимоий консерватор, Индиана штатининг собиқ губернатори Пенс 2021 йил 6 январда Трамп тарафдорлари АҚШ Капитолийсига ҳужум қилганидан сўнг, бу тартибсизликлар ўзини ва оиласини хавф остида қолдирганини айтиб, Трампдан узоқлашган эди. Пенс ўша пайтда бино ичида бўлган. 

Пенс президентлик учун курашадиган республикачилар рўйхатида Трампдан ташқари, сенатор Тим Скотт, Флорида губернатори Рон ДеСантис ва Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори Никки Ҳейли, шунингдек, катта эҳтимол билан Дуг Бургамга рақиблик қилади. Нью-Жерси штатининг собиқ губернатори Крис Кристи 8 июнь куни пойгага қўшилишини эълон қилса, республикачи номзодлар сони янада ошади. 

Номзодлик учун курашаётган номзодлар сони Трампнинг Республикачилар партиясидаги кўплаб рақибларини хавотирга солмоқда, улар Трампга қарши овозлар бўлиниб кетиши ва партия номзодини собиқ президентга топширишидан қўрқишади. 

Мавзуга оид