17:36 / 06.06.2023
9494

Бишкекда давлат тўнтаришига тайёргарлик иши бўйича 30 киши қўлга олинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёрланган 100 кишилик гуруҳ фош этилганини эълон қилди. Қўлга олинганлардан бири «Элдик Кенеш» партияси раҳбари Роза Нурматова.

Фото: Picture Alliance

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Бишкекда «ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш»га тайёргарлик кўришда гумон қилинган 30 дан ортиқ киши қўлга олингани тўғрисида хабар берди. «Ушбу жиноий гуруҳ йил давомида мақсадли равишда ўз сафига тарафдорларни жалб қилиш ва бутун мамлакат бўйлаб энг норози фуқароларни ўз сафига қўшиш бўйича иш олиб борган», дея маълум қилди 6 июнь, сешанба куни МХДҚ.

Махсус хизмат «Элдик Кенеш» партияси раиси Роза Нурматовани давлат тўнтаришига тайёргарликнинг «асосий ташкилотчиси ва мафкуравий илҳомлантирувчиси» деб атаган. Унинг раҳбарлигида доимий равишда «давлат тузилмаларига қарши алоқадор шахслар иштирокида ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш режаларини муҳокама қилиш бўйича яширин йиғилишлар ўтказилиб турилган», дейилади МХДҚ хабарида. Нурматова ва яна тўрт киши тергов изоляторига жойлаштирилди. 

Бундан ташқари, махсус хизмат уюшган гуруҳга «жамиятнинг турли қатламлари ва мамлакатнинг турли минтақаларидан 100 дан ортиқ одам киритилгани, улар орасида аниқ вазифаларга эга роллар тақсимлангани»ни таъкидлади. «Яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий мансабдор шахсларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан катта миқдорда маблағ келиши кутилган», - дея таъкидлайди МХДҚ.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари кеча Бишкекда ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олишга тайёргарлик кўришда гумон қилинаётган оммавий қўлга олиш ҳолатлари ҳақида хабар тарқатди. Ўша куни расмийлар ушланганлар ҳақида расман изоҳ бермаган. 

Top