11:06 / 07.06.2023
7174

АҚШ - КГЭСдаги портлаш ҳақида: Нима бўлганини ҳозирча аниқ айта олмаймиз

АҚШ маъмурияти Каховка ГЭСдаги тўғон портлаши билан боғлиқ вазиятни баҳолашда давом этмоқда. 

Фото: The Telegraph

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби шундай деди: "Биз портлаш учун Россия жавобгарлиги ҳақидаги хабарларни кўрдик". 

Шу билан бирга, у қуйидагиларни маълум қилди: "Биз бу хабарларни баҳолаш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз ва украиналиклар билан қўшимча маълумот тўплаш учун ишлаяпмиз. Лекин аниқ нима бўлганини ҳозирча айта олмаймиз". 

Кирбининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар Киевга содир бўлган воқеалар оқибатларини бартараф этишда, жумладан, халқаро ҳуманитар ташкилотлар орқали ёрдам беришга тайёр.

6 июнга ўтар кечаси Каховка ГЭСнинг тўғони бузилди. Воқеа содир бўлган ҳудудда сув сатҳи 10 метрга кўтарилган, сўнгги маълумотларга кўра, ўнлаб аҳоли пунктлари сув босиши хавфи остида қолган. Новая Каховка шаҳрининг ГЭСдан 5 км узоқликда жойлашган кўчалари сув остида қолди, у ерда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Украина ва Россия расмийлари электр станцияси таъмирлаб бўлмас ҳолатга келиб қолганини билдирмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Twitter’да содир бўлган воқеада Россия томонини айблади. 

Кремль тўғонни бузишда Москванинг иштироки борлиги ҳақидаги айбловларни рад этди. Москвага кўра, бу - Украина томонининг "диверсияси". Россия Тергов қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми "а", "в" бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишув асосида содир этилган ва катта миқдорда мулкий зарар ва бошқа оғир оқибатларга олиб келган террорчилик ҳаракати) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Top