15:53 / 07.06.2023
10883

Чимкентда қурол дўконига ҳужум қилган ўзбекистонлик 15 йилга қамалди

Айбланувчининг адвокати судда мижози ҳеч кимни ўлдириш ниятида бўлмаганини таъкидлаган.

Фото: Видеодан кадр

Шу йилнинг февралида Қозоғистон жанубидаги Чимкент шаҳрида Ўзбекистон фуқароси қурол дўконига ҳужум қилганди. Судга тақдим этилган видеода у дўконга харидор сифатида кириб, сотувчидан ов қуролини кўрсатишни сўрагани, сўнгра сумкасидан қурол чиқариб, унга таҳдид қилгани кўринади.

 

Дўкон сотувчиси ҳужум вақтида огоҳлантириш қўнғироғини босишга улгуради. Уч дақиқа ичида воқеа жойига хусусий қўриқлаш хизмати қўриқчилари етиб келишади. Маҳаллий ОАВ воқеа жойига қўриқчилар ходимлари етиб келган вақтда ҳужум қилган шахс сотувчи аёлни гаровга олгани ҳақида ёзган.

49 яшар эркак ташқарига чиққач, қўриқчиларга қарата ўт очади, бунинг оқибатида улардан бири елкасидан, иккинчиси эса қўлидан яраланади. Отишма устига келиб қолган полиция машинаси ҳам ўққа тутилади. Ўқлари тугаб қолган шахс полиция ходимлари томонидан қўлга олинади.

Отишма уюштирган шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезда қўлга олинган. Расмий хабарларга кўра, ўзбекистонлик ушбу шахс Чимкентда ижарага олинган квартирада яшаган.

Судда прокурор гумонланувчига 16 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган. Бироқ унинг адвокати ҳимояси остидаги шахс ҳеч кимни ўлдириш ниятида бўлмагани, молиявий қийинчилик туфайли у фақат дўконни тунамоқчи бўлганини таъкидлаб, оилавий шароитини инобатга олган ҳолда унга енгилроқ жазо берилишини сўраган.

Судланувчи журналистларнинг саволларига жавобан Чимкентда новвойхонада ишлагани билдирган ва қилмишидан пушаймон эканини айтиб, жабрланувчилардан узр сўраган. Шунингдек, у аслида қурол дўконини эмас, банкни ўмариш мақсадида бўлганини ҳам маълум қилган.

Чимкент шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиққан. Суд томонидан ўзбекистонлик эркак Қозоғистон Жиноят кодексининг бешта моддаси билан айбдор деб топилган ҳамда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Top