Спорт | 19:36 / 08.06.2023
28127
10 дақиқада ўқилади

Месси Майамини танлади. Нега «Барселона»га эртакнамо қайтиш рўй бермади?

У «Барселона»га қайтишни хоҳлагани, аммо расмий таклиф бўлмаганини айтган.

Аргентиналик ҳужумчи, «ПСЖ» билан шартномаси муддати тугаганидан эркин агентга айланган Лионел Месси Американинг «Интер Майами» клубига ўтмоқда. Буни футболчининг ўзи тасдиқлади.

«ПСЖ» 3 июн куни Месси жамоани тарк этишини эълон қилганди. У «Барселона»даги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг, шартномаси тугагач, 2021 йил ёзида парижликлар сафига ўтганди. Якунланган мавсумда форвард барча турнирлар доирасида 41 ўйинда майдонга тушиб, 21 гол урди ва 20 голга узатма берди.

Лапортанинг астойдил ҳаракати

Лионел Месси атрофидаги воқеалар сўнгги кунларда шу қадар тез ривожландики, унинг хронологиясини ташаббус у жамоадан бу жамоага ўтиб турадиган шиддатли баҳс билан солиштириш мумкин. Якшанба куни кучли прессинг ўтказган «Ал-Ҳилол» ҳужумга ўтганди. Саудия томони шу қадар қатъий киришгандики, Парижга делегация юбориб, келишув 48 соат ичида ҳал бўлишини кутганди.

Бу вақтда эса «Барселона» лагерида умидсизлик ҳукм сурарди. Бу ердагилар Месси ўта қийин қарорни қабул қилиши ва барибир Яқин Шарққа йўл олиши ҳақида пичирлаб гаплашишарди. Бунинг ягона сабаби каталонияликлар молиявий фейр-плей билан боғлиқ муаммолар ва ҳатто Жорди Алба ва Бускетс билан хайрлашилганидан кейин ҳам маош чегараси юқори даражада қолаётгани эди. Ла лига раҳбари Хавиер Тебас регламент олдида барча тенг деб ҳисоблаши туфайли ҳеч қандай имтиёздан умид қилишнинг ҳожати йўқ эди. У Месси билан нима бўлиши — ла лиганинг эмас, клубнинг муаммоси ҳисобланишини ҳам айтганди.

Аммо Жоан Лапорта афсонавий «ўнлик»ни қайтариш ғоясига шунчалик астойдил киришгандики, кўк-анорранглилар уддалаб бўлмас ишни уддалайдигандек кўринаётганди. Клуб президенти сўнгги икки ой мобайнида ўнлаб ходимларни ишдан бўшатди ва айрим етакчилар билан шартномани узайтиришдан бош тортди – бунинг бари йирик маркетинг юришини амалга ошириб, юлдузли футболчини қайтариш учун зарур бўладиган миллионларни йиғиш учун қилинди.

Душанба куни тушда лига оғзаки равишда «Барселона»нинг йиллик молиявий режасини тасдиқлагани ҳақида хабар тарқалди. Бу янги регламентдаги, каталонияликларнинг иқтисодий дастаклардан назоратсиз фойдаланишини истисно қилувчи ўша чора эди.

Яна ўша дастаклардан фойдалана олиш учун лиганинг розилиги талаб этиларди. Режа маъқулланган бўлса-да, аргентиналик юлдуз билан молиявий йўқотишларсиз шартнома имзолашга тўсқинлик қиладиган деталлар сақланиб қолганди. Гап шундаки, маош чегарасидан ўтган клуб, ҳеч бўлмаганда, бу муаммо бартараф этилмагунча, янги футболчилар билан оддий шароитда шартнома расмийлаштириш имкониятидан маҳрум. Яъни бу вазиятда машҳур «4 га 1» қоидаси кучга киради, унга кўра, клубнинг иш ҳақи фонди янги футболчиларнинг маошлари миқдорининг тўрт бараваригача камайтирилиши керак эди.

Шунинг учун Лапорта ва Хорхе Месси ўртасида душанба куни ўтказилган учрашувда «Барса» президенти камчиликларни бартараф этиш учун вақт сўради. Бундан ташқари, томонлар боши берк кўчадан чиқиш сценарийларини биргаликда ишлаб чиқишга ҳаракат қилишди ва бу масалада жиддий олдинга силжиш бўлаётгандек кўринганди. Аммо кейинроқ маълум бўлдики, Месси ва ЕЧЛ финалигача «Сити» билан шартномасини янгилаш масаласини муҳокама қилиш ҳақида ўйламаётган Гундўғанни трансфер қилиш учун каталонияликлар камида уч футболчисини яхшигина пулга сотиши талаб этиларди.

Саудияликларнинг миллиардларидан воз кечилиши

Саудияликлар делегацияси эса таажжубга тушишди, чунки улар шартноманинг муҳим пунктларини ишлаб чиқишгача етиб келишганди. Музокаралар тафсилотлари турли манбаларда турлича келтирилди, лекин умуман олганда бу тафсилотлар бир-бирига зид келмасди. Қисқача айтганда, апрел ойидан буён амалда бўлган, йилига 400 миллион евро тўлаш бўйича таклифни ошириш орқали илдамлик қилишга бўлган уриниш ҳам иш бермади. Ва сўнгги қадам — икки йил учун миллиард доллар ҳам — ҳеч нарсани ўзгартирмади.

Месси миннатдорчилик билдирди, аммо ўз атрофидагилардан ҳеч бўлмаганда музокараларни тўхтатиб туришни сўради. Ёки уларни бир йилга ортга суришга, бу унинг Америка Кубоги-2024 турнирига қадар Европада ва Чемпионлар лигасида ўйнаш режаси билан боғлиқ эди. «Барселона»га қайтиш учун Лео кўп нарсага тайёр эди, катта Месси буни тасдиқлади ва ўзи ҳам шуни хоҳлашини айтди.

Кўк-анорранглилар ва ла лига муносабатларида илгарилашга гувоҳ бўлган Лео якунда яна бироз кутишга розилик берди. Бундан ташқари, оила омили ҳам рол ўйнаган. Матбуотда бир неча бор Мессининг фарзандларидан бири икки йил мобайнида Парижга мослаша олмагани ва шунинг учун Антонелла Рокуццо уни уйга қайтишга ундаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейин эса, айрим маълумотларга кўра, айнан рафиқаси Америка вариантини саудияликларникидан афзал кўрган.

Каталонча тупик

«Барселона» эса вақт билан курашишни давом эттирди ва айрим манбалар тасдиқлашича, яқин кунларда камида битта йирик сотув амалга оширилиши керак эди. Натижада сешанба каталонлар учун ваҳима кунига айланди, бу жараён чоршанба куни ўз чўққисига чиқди. Кимдир кўк-анорранглилар Мессига йилига 12 миллион евро тўлашни назарда тутувчи шартнома тайёрлагани ва расмий таклиф юбориш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигии ҳам айтиб чиқди. Аммо таниқли инсайдер Жерар Ромеро «Барса» мухлислари устидан совуқ сув қуйди. У ҳам сўнгги дақиқаларгача афсонанинг қайтиши борасида оптимистик қарашда эди, энди эса қайтиш рўй бериши учун ақл бовар ҳодиса содир бўлиши кераклигини айтди.

Жараёндан яхшироқ хабардор бўлган манбалар эса юлдузли футболчи учун курашда «Интер Майами» фаворитга айланганини ишонч билан ёза бошлашди. Маошлар ҳақида ҳеч қаерда ёзилмади, фақат Лео учун бонуслар рўйхати келтирилди, булар қаторида футболчи ҳам Дэвид Бекҳэм каби MLS чемпионатидаги бирор клубни имтиёзли асосда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек, стриминг сервисларидан бирининг янги обуначиларидан келадиган фойдадан ҳамда клубнинг техник ҳамкорлари маҳсулотлари сотувидан  улуш олиши кўзда тутилганди. Афтидан, бу Америка лигаси раҳбарияти айтган ўша айёр режа бўлиб, унга кўра, асосий қарорлар барча клублар томонидан биргаликда қабул қилинади.

«Барселона»га келадиган бўлсак, чоршанба куни ҳам Мессининг отасига ҳаволаб берилган ҳолда, Лео кўк-анорранглилар сафида текинга ҳам ўйнашга тайёрлиги, шу билан бирга, трансфер эҳтимоли камлиги ва бунда гап пулда эмаслиги ҳақида хабар берилди. Ҳолбуки, гап айнан клубдаги молиявий ҳолатда эди, тасдиқланган иқтисодий режа амалга оширилиши учун кўп вақт талаб этиларди. Катта эҳтимол билан ёзги трансферлар бозорининг сўнгги кунига қадар иш олиб бориш керак эди.

Месси эса бунча кутишни истамасди. У икки йил олдин «Барселона» офисида қолдирилган хаскашни яна бир боса олмасди, ўшанда у клуб шартномани янгилашини узоқ кутиб, якунда кўзда ёш билан «ПСЖ»га кетишга мажбур бўлганди.

Кўк-анорранглилар энди ортиқча зўриқишсиз тизимли равишда жамоани қуришда давом этади. Лео эса Европада барча совринларни ютиб бўлган ва Флорида қуёшида тобланишга тўла ҳақли. Рафиқаси ҳам мамнун, олдиндан Майамидан уй сотиб олиб олинган, Америка ЖЧ-2026 арафасида дунё эътиборини ўзига қаратади, Мессининг қадрдонлари Бускетс ва Алба ҳам шу ерга йўл олиши мумкин.

Лео «Барселона» ҳақида ўйламоқда ва қайтиб келмоқчи. Ҳеч бўлмаганда шу шаҳарда яшаш учун

«Мен клубга яқинроқ бўлишни истардим. Ва Барселонада яшамоқчиман. Биз буни рафиқам ва болаларим билан келишиб олганмиз.

Қачон ва қандай бўлишини билмайман, аммо, умид қиламанки, бир кун келиб клубга ёрдам бера оламан, чунки бу мен севадиган клуб. Буни доим айтганман. Мен фаолиятим давомида ўзим ҳис қилган меҳрни қадрлайман ва шунинг учун ҳам бир кун келиб «Барселона»га қайтишни хоҳлайман. Ҳа, мен у ерда бўлишни истайман», дея жавоб қайтарган у «Барселона»га футболчи сифатида бўлмаса ҳам, бошқа мақомда қайтиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан.

Tyc Sports манбаси хабар беришича, Америка клуби билан келишувда Месси исталган мавсум охирида эркин агент сифатида кетиши мумкинлиги кўрсатилади.

Қолаверса, айрим манбалар «Майами» футболчини «Барселона»га ижарага бериши эҳтимолини ҳам истисно этмаяпти.

Мавзуга оид