Жаҳон | 16:30 / 09.06.2023
6683
2 дақиқада ўқилади

Шолц, Дуда ва Макрон Парижда Украина учун кафолатларни муҳокама қилади

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц ва Полша президенти Анжей Дуда 12 июнь куни Франция президенти Эммануэл Макрон билан Украина хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш учун Парижга боради. Бу ҳақда Politico француз расмийларига таяниб хабар берди
 
Шолц, Дуда ва Макрон, Politico нашрига кўра, Украинанинг имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлишга интилишидан келиб чиққан ҳолда умумий позицияни ишлаб чиқишлари, шунингдек, Киев бир қатор демократик давлатлардан олиши мумкин бўлган хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилишлари керак. 

Макрон, деб ёзади газета, альянснинг июлдаги саммитидаёқ Украина учун НАТОга йўл очишга тайёр, Шолц эса эҳтиёткорроқ позицияни эгаллаб, Украинани қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалаларига эътибор қаратишни таклиф қилмоқда. 

АҚШнинг Украинага бўлажак ёрдами, шунингдек, президент Жо Байденнинг халқаро обрўси бевосита УҚК ҳужумининг муваффақиятига боғлиқ, деганди аввалроқ Politico нашрига анонимлик шарти билан АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари. 

Нашр суҳбатдошлари, агар Украина ҳужуми етарли даражада муваффақиятли бўлмаса ёки умуман муваффақиятсизликка учраса, Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдам қисқартирилади, можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириқлар тобора баландроқ янграйди, деб тахмин қилишди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид