18:42 / 10.06.2023
11117

Чўмилиш ҳавзаларидаги сувнинг хавфли хусусиятлари айтилди

Ифлосланган сув ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит, ичбуруғи, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Ёзнинг жазирама кунларида чўмилиш чоғида нафақат хавфсизлик, балки саломатлик қоидаларига ҳам амал қилиш ўта муҳим ҳисобланади. Бу ҳақда Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Тожиев маълумот берди.

«Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланган сув ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғи, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликларни келтириб чиқаришини унутмаслик даркор», деди у.

Шифокор сўзларига кўра, вирус зарралари сувга беморнинг нажаси, қусиқ қолдиқлари ва ювилмаган қўллари орқали тушиб, ҳавзада тахминан 2 ой ва ундан кўпроқ сақланади. Бироқ, касаллик қўзғатувчилари иссиқ ҳароратга мослашувчан бўлгани боис, ёз фаслида уларнинг концентрацияси ва яшаш давомийлиги узаяди. Бундай паразит ва микроблар ҳарорат ошган даврда 180 кундан ортиқ жон сақлаши мумкин.

«Чўмилиш чоғида сув ютиш инфекциянинг оғиз орқали организмга тушиб, кўпайиб, гастроэнтерит, яъни ошозон ва ингичка ичак шиллиқ қаватида яллиғланишни юзага келтиради. Касаллик белгилари тахминан 12-48 соат оралиғида намоён бўлиб, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳарорати кўтарилиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби аломатлар кузатилади», деди Тожиев.

Мутахассиснинг таъкидлашича, очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш турли тери касалликлари, бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ каватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис, аввало, тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмаслик, рухсат этилган жойларда чўмилганда ҳам, иложи борича сув ютмаслик ва бурундан сув кирмаслигига эътибор бериш лозим.

Шу билан бирга, сунъий сузиш ҳавзалари ҳам ҳар доим бундай хавфдан холи бўлавермайди. Шу сабабли уларнинг тозалигига, суви ўз вақтида алмаштирилганига аҳамият қаратиш лозим. Агар бундай ҳовуз кафеллари сирпанчиқ бўлса, бу сув эскирганидан далолат беради.

Очиқ ҳавзаларда чўмилиш учун атмосфера ҳарорати +20...+25, сув илиқлиги эса +17...+19 даражадан кам бўлмаган шароит зарур.

Қуёш фаол бўлган паллада (12:00 дан 16:00 гача) офтоб тиғидан сақланиш керак. Негаки, ультрабинафша нурларининг давомий таъсири даставвал катарактага, бора-бора кўз нурлари бутунлай йўқолишига сабаб бўлади.

«Айни шу омил туфайли аллергик реакциялар, тери саратони юзага келиши хавфи ҳам мавжуд», деди шифокор.

Бундан ташқари, бассейн суви совуқ бўлмаслиги ҳам муҳим. Чунки бундай ҳарорат томир тортишишига олиб келиши мумкин.

Очиқ ҳавзаларда чўмилиш вақтида ва ундан кейин касаллик белгилари юзага келса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Top