Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жазирамага айланган об-ҳаво – ҳарорат энди фақат кўтарилиб борадими?
Ёз келиши билан бошланган жазирама иссиқ кўпчиликни хавотирга солиб қўйди. Ўтган йилги ёзда ҳам аномал иссиқ кузатилганди. Энди буёғига аномал иссиқлар одатий ҳолга айланадими? Ҳаво исиб бораверадими?
Олимларнинг фикрича, яқин беш йил ичида дунё мамлакатлари саноатлашиш давридагидан 1,5 градусга ортиқроқ бўлган янги ҳарорат рекордларига дучор бўлади.
2015 йилда Париж шаҳрида имзоланган иқлим бўйича битимига кўра, жаҳон мамлакатлари саноатлашиш даврига нисбатан глобал ҳароратни 1,5°Cдан оширмасликка келишиб олган. Олимларга кўра, бу чегарадан ўтиш фалокатли ва қайтариб бўлмас оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти баҳорда иқлим ўзгариши сабаб Ер сайёрасининг исиб бораётгани ўта жиддий хатар экани ҳақида иқлим ҳисоботини эълон қилди.
Вақт кам қолган
Ҳисоботда айтилишича, гарчи глобал ҳарорат 1,5 даражадан кўпроқ исиб кетмаслигига эришишнинг ҳали ҳам имкони бўлса-да, бу илинж узоққа бориши даргумон. Сабаби Ер сайёрасининг исишига асосий сабабчи бўлган чиқинди газлар ажралиб чиқиши шиддат билан ўсиб боряпти. Ўтган йили атмосферага кўтарилган чиқинди газлар кўрсаткичи қарийб 1 фоизга кўпроқ бўлган.

Атмосферадаги углерод газлар миқдори сўнгги 2 миллион йилдаги энг юқори кўрсаткичга етиб бўлган, ҳаво эса охирги ярим асрда 2 минг йил давомидаги энг юқори исиш нуқтасига етди.
Иқлим инқирози камбағал ва заиф давлатларга кўпроқ юк бўляпти. Энг ёмони, улар иқлим муаммоси шаклланишига ҳисса қўшишмаса ҳам жабр тортишяпти.
"Бизнинг сайёрамиз аллақачон жиддий иқлим муаммоларига дуч келяпти. Жазирама иссиқ, фалокатли бўронлардан тортиб қурғоқчилик ва сув танқислигигача реал вазиятга айланди", дейди Дунё ресурслари институти раҳбари Ани Дасгупта.
Жавобсиз қолаётган огоҳлантиришлар
Лекин шунча муаммоларга қарамай инсонлар иқлим муаммосини ўзлари катталаштиришда давом этяпти.
Иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган энг катта таҳдид ёқилғиларни ишлатишда давом этиляпти. Ёқилғилардан дунёнинг 80 фоиз аҳолиси фойдаланади. Ва энг ёмони, ёқилғи сайёрамиз исиб кетишига 75 фоиз миқдорда таъсир қилувчи омил ҳисобланади.
Халқаро энергетика агентлиги давлатлар иқлим мажбуриятларини бажариши учун янги ёқилғи манбаларини қазиб олишни тақиқлашлари кераклиги ҳақида 2021 йилда огоҳлантирганига қарамасдан ҳукуматлар янги нефт, газ ва кўмир лойиҳаларини маъқуллашда давом этяпти.
АҚШда Жо Байден ҳукумати баҳсли бўлиб турган Аляскадаги Виллов нефтни бурғилаш лойиҳасини маъқуллади. Агар бу лойиҳа ишга тушса, атмофсерага йилига 9,2 млн метрик тонна углерод кўтарилади.
Хитой эса энг ифлос ёқилғи бўлган кўмир саноатини кенгайтиришни режа қилмоқда. Бу давлат 2022 йилда 82 та майдонда кўмир ишлаб чиқаришга рухсат берган.

БТМ бош котиби Антонио Гуттериш "Иқлим соатли бомба каби ишлаяпти. Инсоният эса юпқа муз устида ўтирибди, бу муз тез эрияпти", деганди.
Лекин буни ҳукумат раҳбарлари тушунишмаяпти.
БМТ ҳисоботи бир неча йиллар давомида тайёрланиб, юзлаб олимларнинг иқлимга оид хулосалари асосида тайёрланган. Ва бу ҳисоботга кўра, иқлим муаммосини ҳал қилиш учун аллақачон ечимлар ҳам мавжуд, бироқ сиёсатчилар уларни амалга оширишга унамаяпти.
Сайёранинг исиб бориши аллақачон биз кутгандан ҳам анча даҳшатли. Одамзот тобора хавфли ва олдини олиб бўлмайдиган ҳалокатларга қараб интиляпти.
Шундай вазиятда ҳам иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатларига дуч келмасликка ҳаракат қилиш мумкин. Фақат бунинг учун иқтисодиёт ва жамиятда кескин ўзгаришлар қилишга тўғри келади.
Масалан, қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни тўхтатиб, қайта тикланувчи энергияга сармоя киритиш лозим. Қандай қилиб бўлмасин, ҳаво исишига сабаб бўлувчи ифлосланиш даражасини 2035 йилга бориб 2019 йилдагига қараганда 60 фоизга қисқартириш лозим.
Бундан ташқари, иқлим жабрдийдалари бўлган кичик мамлакатларга катта давлатлар ёрдам бериши, ҳаводан углерод газларини сўриб оладиган технологиялар ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим. Лекин ҳозирча бу технологияларни ишлатиш ҳақида аниқ тўхтамга келинмаяпти.
Маълумот учун: Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгаришидан кўпроқ азият чекаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Сўнгги пайтларда глобал ҳарорат кўпйиллик иқлимий меъёрлардан 1 градус исиган бўлса, Марказий Осиё 2 градусга исиди. Ўзбекистонда ҳарорат глобал миқёсдагидан кўра тезроқ кўтарилган ва бу давом этади.